15 ОКТЯБРЬ – ХАЛҚАРО ҚИШЛОҚ АЁЛЛАРИ КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАБРИК

15 ОКТЯБРЬ – ХАЛҚАРО ҚИШЛОҚ АЁЛЛАРИ КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАБРИК

Мамлакатимизнинг кўп минг сонли сувчилар жамоаси номидан вазирлигимиз ва унинг қуйи тизимларида меҳнат қилаётган барча хотин-қизларни 15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни билан чин қалбимдан самимий қутлайман.

Маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2007 йил 18 декабрдаги йиғилишида қишлоқ аёлларининг, шу жумладан, туб аҳолининг қишлоқ хўжалигини ва қишлоқ туманларини ривожлантиришни жадаллаштириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги роли тан олиниб, 15 октябрь - Халқаро қишлоқ аёллари куни сифатида расман эълон қилинган. Бугунги кунда дунёнинг кўплаб давлатларида ушбу байрам кенг нишонланиб келинмоқда.

Қишлоқдаги аёллар уй-рўзғор ишлари, асосий хизмат вазифаларидан ташқари томорқаларида қишлоқ хўжалиги ишлари билан шуғулланадилар, фарзандларини меҳнатга ўргатадилар. Шу боис, мазкур байрам жаҳон мамлакатларидаги меҳнаткаш, бағри кенг ва фидоий қишлоқ аёлларига бағишланган.

Бугунги кунда Сув хўжалиги вазирлиги тизимида уч мингга яқин хотин-қизлар ишлайди. Улар ўз меҳнати билан республикамиз иқтисодиётини ривожлантириш, жумладан, қишлоқ хўжалиги экинлари ва томорқа хўжаликларини сув билан кафолатли таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Бу хотин-қизлар орасида таъмирлаш, ишлаб чиқариш, хўжалик ишларида фаолият кўрсатаётганлари, иқтисодчи, энергетик, гидротехник сифатида меҳнат қилаётганлари бор.

Қишлоқларда истиқомат қилиб, сув хўжалиги соҳасига ўзларининг бемисл ҳиссаларини қўшаётган барча аёлларимизни мазкур сана муносабати билан бутун вазирлигимиз номидан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.

Сизларнинг барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт тилайман. Мамлакатимиз иқтисодиётига, улкан хирмонлар яратилишига, аҳолимиз дастурхони тўкислигини таъминлашга ҳисса қўшишдек савобли ишларда ҳеч қачон толманг.