БУХОРОЛИК СУВЧИЛАР УЧУН ЎҚУВ-ТРЕНИНГ КУРСЛАРИ ЎТКАЗИЛДИ

БУХОРОЛИК СУВЧИЛАР УЧУН ЎҚУВ-ТРЕНИНГ КУРСЛАРИ ЎТКАЗИЛДИ

Аму-Бухоро ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида “Сувдан фойдаланиш режасини тузиш бўйича  махсус дастурий таъминотдан фойдаланиб, сувдан фойдаланиш режасини ишлаб чиқиш” мавзусида ўқув-тренинг курслари онлайн (вебинар) шаклида ўтказилди.

Ўқув машғулотларида сув ресурсларини бошқаришда рақамли технологияларни жорий этиш, сувдан фойдаланиш режасини тузиш, гидромодуль районлаштириш, суғоришда лимит белгилаш тартиби ва меъёрлари каби мавзуларда маърузалар тингланди.

– Бугунги  шиддатли замон, замонавий рақамли технологияларга талабнинг кун сайин ортиши сув хўжалиги тизими олдига ҳам бир қатор муаммоларни ҳал этиш вазифасини қўймоқда, – дейди Аму-Бухоро ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Тўлқин Давронов. – Бу жараёнда чуқур билим ва малакага эга бўлган ёш кадрлар муҳим ўрин тутади. Мазкур ўқув-тренинг курслари ана шу мақсадга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, тадбир “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси”нинг 2-босқичи доирасида ташкил этилди. Лойиҳа Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.