ҒАЛВИР СУВДАН КЎТАРИЛМОҚДА

ҒАЛВИР СУВДАН КЎТАРИЛМОҚДА

    Жорий йилда Кармана туманидаги “Анвар Ахтамов” фермер хўжалигининг 101 гектар пахта даласига томчилатиб суғориш технологиялари ўрнатилган эди. Сувни тежаш, минерал ўғитлар ва ёнилғини иқтисод қилиш, ишчи кучини камайтириш эвазига даромадни ошириш мақсадида 1 млрд. 10 млн. сўм кредит маблағлари эвазига ўрнатилган тежамкор технологиялар кутилганидан зиёд натижаларни бермоқда. Айни дамда пахта даласида йиғим-терим ишлари авжида. Оппоқ бўлиб очилган пахта “Айрончи” маҳалла фуқаролар йиғинидаги иш билан банд бўлмаган аҳоли томонидан терилмоқда.

     Хўжалик раҳбари Илғор Ахтамовнинг таъкидлашича, ғалладан бўшаган ерларга такрорий экин сифатида экилган тариқ, мош, сабзи, шолғомдан ҳам юқори ҳосил олинмоқда. Айниқса, ёз фаслида тажриба учун экилиб, томчилатиб суғорилган 2 гектарлик полизда етиштирилган тарвузлар пахта йиғим-терим вақтида ҳам хўжалик ишчиларига, ҳам ҳашарчиларга чанқовбости неъмат бўлмоқда.