МЎЙНОҚДА СУВ ТЕЖОВЧИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР БАРПО ЭТИЛДИ

МЎЙНОҚДА СУВ ТЕЖОВЧИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР БАРПО ЭТИЛДИ

   Йил бошида бутун мамлакатимиз бўйлаб “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳасини амалга ошириш бошланган эди. Қорақалпоғистонлик ёшларнинг деҳқончилик билан шуғулланишларига имкон яратиш мақсадида қишлоқ хўжалигига ихтисослашган “Мўйноқ келажаги бунёдкорлари” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди. Мўйноқ туманидаги қайта фойдаланишга киритилган ва захира ер майдонларидан 5 минг гектар ажратиб берилди.

   Ушбу майдонларда ҳосил етиштириш, ёшларнинг чин маънода бандлигини таъминлаб, даромад олишлари учун сув етказиб беришни йўлга қўйиш зарур эди. Бу масалани ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Сув хўжалиги вазирлари раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Мўйноқ туманига бориб, ёшларга ажратилган ер майдонларини ўрганишди. Шундан сўнг бажариладиган ишлар, қуриладиган сув иншоотлари бўйича таклифлар ишлаб чиқилди, тегишли чора-тадбирлар дастурлари тасдиқланиб, амалий ишлар бошланиб кетди.

 

  Мўйноқ тумани “Қазақдарё” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги 6 км суғориш тармоқлари реконструкция қилинди ва янгидан 2 км кўтарма канал қазилди. Шунингдек, “Қазақдарё” каналига 2 дона НДН-20 ва 1 дона СНПЭ 500/10 русумли насос агрегатлари ўрнатилди.

  “Қазақдарё” овулидаги ёшлар учун ажратилган экин майдонларини кафолатли сув билан таъминлаш мақсадида ушбу ҳудудда сув тежовчи технологиялар жорий этилмоқда. Бунинг учун қўшимча 300 метрдан ортиқ канал қазилиб, 2 дона сув тўсувчи гидротехник иншоот қурилди. Сув ортиқча исроф бўлишининг олдини олиш мақсадида қўшимча қурилган каналга геотекстиль ва геомембрана ётқизилди. Ушбу канал орқали келган сув 4 та ҳовузда бир-бирига ўтказилиб, тиндирилади. Кейин махсус насослар ёрдамида далаларга ўрнатилган қувурлар ва шланглар орқали экин майдонига етиб боради.

   Яқинда “Мўйноқ ёшларининг чорвачилик комплекси” атрофида бунёд қилинган боғ ва ҳудуддаги 6 гектар майдонга экилган саримсоқ пиёз далаларида ҳам томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинди.

Доно халқимиз сув – ҳаёт манбаи деб, бежиз айтмаган. Сув етказилган Мўйноқ туманига яна “қайноқ” ҳаёт қайтди. Фойдаланишдан чиқиб кетган экин майдонлари яна ҳосил бера бошлади.