Хоразмда ўқув-тренинг курсларини тугатганларга сертификатлар топширилди

Хоразмда ўқув-тренинг курсларини тугатганларга сертификатлар топширилди

Хоразм вилояти “Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари хавза бошқармаси” да Сув хўжалиги вазирлиги Ахборот-таҳлил ва ресурс маркази ва Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган «Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси» доирасида “Махсус дастурий таъминотдан фойдаланиб, сувдан фойдаланиш режасини тузиш” бўйича онлайн (вебинар) ўқув-тренинг курслари тугатилди ва барча ўқув курсларига иштирок этган мутахассисларга сертификатлар топширилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигидан Қ.Муродов, Ахборот-таҳлил ва ресурс маркази сектори бошлиғи А. Манглиев, “Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси” биринчи ўринбосари Қ.Матёқубов, “Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси” Сув ресурслари гидрометрия ва диспечирлик хизмати бўлимидан М.Собиров, Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлигининг лойиҳа вакили Ж.Разаков ва мазкур агентликнинг Хоразмдаги масъул вакили Э.Нурметовлар иштирок этишди ва лойиҳани амалга оширишнинг мақсад ва вазифалари ҳақида гапириб ўтдилар.

Бу каби лойиҳаларни амалга оширишдан кўзланган асосий мақсад ўқув курслари орқали сув хўжалиги ходимларининг илмий салоҳиятини кўтаришдир,  - дейди Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлигининг лойиҳа вакили Жамшид Разаков. шунингдек лойиҳа дорасида тизим ташкилотларининг моддий техник базасини мустаҳкамлаш, гидрометрларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш, жумладан компьютер жамланмаси, мебел жиҳозлари ва иш қуроллари, ҳамда, сув ўлчаш мосламаси (вертушка) билан таъминлаш назарда тутилган.

Иштирокчиларга сув тежовчи технологияларни ўрнатиш ва экинларнинг агротехникасига оид тарқатма материаллар ва услубий қўлланма китоблари топширилди. Ушбу материалларни туман ирригация бўлими мутахаасилари орқали ҳудудлардаги фермер хўжаликларига етказиш топширилди. Шунингдек, томчилатиб суғориш бўйича тавсияларни «Tomchi» мобил иловасига аъзо бўлган ҳолда барча маълумотларни билиб олиш ҳамда “TOMCHI mutaxassislari” телеграм гуруҳида ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишлари мумкинлиги ва ҳудудлардаги барча фермер ва сувчиларни ушбу иловага аъзо бўлиш тавсия қилинди.

Тадбирда мазкур лойиҳа доирасида ҳудудларда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш масаласини қўллаб-қувватлаш белгиланганлиги таъкидланди ҳамда шунга оид тарқатма материаллар, буклетлар тарқатилди. Шунингдек Ахборот-тахлил ва ресурс маркази томонидан ишлаб чиқилган бир қатор қўлланмалар яъни томчилатиб суғориш технологияларини қўллашга оид услубий қўлланма китоби ҳам барча туман ирригация мутахаасиларига тақдим қилинди ва уларни фермер хўжаликларига етказиш топширилди.