СУРХОНДАРЁДА СУВНИ ТЕЖАШ МАВЗУСИГА БАҒИШЛАНГАН ЭКО-ДАРСЛАР ЎТКАЗИЛДИ

СУРХОНДАРЁДА СУВНИ ТЕЖАШ МАВЗУСИГА БАҒИШЛАНГАН ЭКО-ДАРСЛАР ЎТКАЗИЛДИ

 

 

  Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги миллий ҳамкор ҳисобланган, Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (МОМЭМ) томонидан Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда барқарор сув ва экологик ривожланиш учун хабардорликни ошириш ва ҳамкорлик. 3-компонент” (UzWaterAware) лойиҳаси доирасида жойларда тадбирлар ўтказилмоқда. Қорақалпоғистон Республикасида 4 та мактабда сув ресурсларини тежаш, ундан оқилона фойдаланиш мавзулари бўйича экодарслар ташкил этилганлиги ҳақида хабар берган эдик.

  Лойиҳа доирасидаги навбатдаги тадбирлар Сурхондарё вилоятида бўлиб ўтди. Хусусан, Термиз шаҳридаги 2 та мактабда сув ресурсларини тежаш, ундан оқилона фойдаланиш мавзулари бўйича экодарслар ташкил этилди. Пандемия шароитини ҳисобга олган ҳолда, ўқувчиларга COVID-19 инфекциясидан ҳимояланиш бўйича кўрсатмали буклетлар, ҳимоя ниқоблари ва антисептик воситалар ҳам совға қилинди.

  Шунингдек, Экологик ҳаракатнинг Сурхондарё вилоятидаги ҳудудий бўлинмаси, вилоят Хотин-қизлар қўмитаси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг вилоятдаги ҳудудий бўлинмаси кўнгиллилари ва ёшлар ташкилотлари вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.

  Лойиҳа доирасида 14-16 октябрь кунлари Хоразм вилоятида ҳам тадбирлар уюштириш мўлжалланган.