СУВ ТЕЖОВЧИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР – ЗАМОН ТАЛАБИ

СУВ ТЕЖОВЧИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР – ЗАМОН ТАЛАБИ

Сўнгги вақтларда оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда сув танқислиги билан боғлиқ масалалар қизғин муҳокамаларга мавзу бўлмоқда. Айниқса,  иқлимшуносларнинг ер куррасида глобал исиш оқибатлари ҳақида эълон қилаётган тадқиқотлари сувдан тежаб-тергаб фойдаланиш, бунда илғор технологияларни жорий этиш заруратини юзага келтирмоқда.

Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев раҳбарлигидаги Ишчи гуруҳи аъзолари жойларда айнан сув тежовчи технологияларни жорий этиш билан боғлиқ тайёргарлик ишларига эътибор қаратаётганликлари бежиз эмас. Икки кундан бери мазкур гуруҳ аъзолари Андижон вилоятида пахта-ғаллачилик, боғдорчилик, узумчилик ҳамда сабзавотчилик йўналишларида жорий этилиши шарт бўлган лойиҳалар ижроси бўйича қатор кўргазмали семинарларда иштирок этдилар.

Бугун ана шундай тадбирлардан бири Олтинкўл туманидаги “Бунёдкор мелиоратор” фермер хўжалигида бўлиб ўтди. Хўжалик раҳбари Шуҳрат Комилов биринчилардан бўлиб пудратчи ташкилот билан томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини қуриш учун шартнома тузди. Лойиҳа бўйича 20 гектар майдонда томчилатиб, 10 гектар майдонда эса ёмғирлатиб суғориш усули жорий этилмоқда.

Ишчи гуруҳи аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев мазкур хўжаликда олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишлари билан танишди. Ҳозир бўлган фермерлар, мутахассисларга сувни тежашнинг аҳамияти, бунинг натижасида эришиладиган иқтисодий манфаатдорлик ҳақида тушунтиришлар берди.

– Сўнгги 10 йилликда республикамиз икки бор сув танқислигини бошдан кечирганлигидан барчангиз хабардорсиз, – деди Шавкат Хамраев. –2021 йил учун олинаётган прогнозлар ҳам қувонарли эмас. Сирдарё ва Амударё ҳавзаларида сувнинг шаклланиши 80 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Бундай шароитда сув танқислигининг олдини олишнинг ягона йўли сувни тежовчи технологиялардан кенг фойдаланишдир.

Пандемия шароитида, жаҳонда иқтисодий танглик кузатилаётган бир паллада ҳар биримиз давлатимиз раҳбари айнан сув тежовчи технологияларни жорий этишга салмоқли маблағ ажратаётганлигининг мағзини чақишимиз лозим. Қолаверса, субсидия ажратиш тизимининг яратилганлиги ҳам фермер хўжаликларининг юкини енгиллатишга хизмат қилаяпти.

2021 йилда Андижон вилоятида 27 минг 110 гектар ғўза майдонида томчилатиб суғориш тизими жорий этилади. 740 гектар боғ ва 136 гектар токзорда ҳам сув тежовчи технологиялар жорий этилиши белгиланган. Шу кунларда барча туманларда ҳовуз қазиш, электр тармоғини тортиш каби ишлар бажарилмоқда.

Норин-Қорадарё ИТҲБ матбуот хизмати