СУВ ТЕЖОВЧИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР ЖОРИЙ ЭТИЛГАН МАЙДОНЛАР ЙИЛ САЙИН КЕНГАЙМОҚДА

СУВ ТЕЖОВЧИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР ЖОРИЙ ЭТИЛГАН МАЙДОНЛАР ЙИЛ САЙИН КЕНГАЙМОҚДА

2020 йил 14 ноябрь куни Сув хўжалиги вазирлигида сув тежовчи технологияларни кенгайтириш бўйича вазирлик тизимида олиб борилаётган ишларга бағишлаб ўқув-семинар ўтказилди. Унда вазирлик марказий аппарати ходимлари ва тизим ташкилотларидан мутахассислар иштирок этди.

Семинарда мамлакатимизда сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар, давлат томонидан берилаётган субсидия ва имтиёзлар, бу борада хорижий мамлакатлар тажрибаси ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Таъкидландики, республикамизда сув тежовчи технологияларнинг томчилатиб, ёмғирлатиб, гидрогель гранулаларидан фойдаланиб, тупроқ остидан, кўчма эгилувчан пластик қувурлар ёрдамида ва эгатларга плёнка тўшаб суғориш каби усулларидан фойдаланилмоқда.

Жорий йилга келиб сув тежовчи технологиялар қўлланилаётган майдонлар жами суғориладиган ерларнинг қарийб 7 фоизини ташкил этмоқда. 2020 йилнинг ўзида 137,4 минг гектар майдонда ана шундай технологиялар ўрнатилди. Шундан 114,2 минг гектарини томчилатиб суғориш ташкил этади. Бу йил жами 200 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси ёрдамида пахта хомашёси етиштирилиши натижасида салкам 1 млрд куб метр сув тежалди. Ишлаб чиқариш харажатлари оптималлашиб, ҳосилдорлик 45-60 фоизга оширилди.

Семинар иштирокчилари мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олдилар.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясида яқин истиқболда сув тежовчи суғориш технологиялар жорий этилган майдонларни 2 млн гектарга, жумладан, томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган майдонларни 600 минг гектарга етказиш вазифаси белгиланган.  

Матбуот хизмати