СУВ ХЎЖАЛИГИ СОҲАСИДА ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК ТАМОЙИЛЛАРИ

СУВ ХЎЖАЛИГИ СОҲАСИДА ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК ТАМОЙИЛЛАРИ

   Мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва институционал ислоҳотлар инвестиция муҳитини яхшилашга, хорижий ва маҳаллий инвесторлар сонининг ортиб боришига кўмаклашмоқда. Бу жараёнда анъанавий равишда давлат тасарруфида ва бошқарувида бўлган иқтисодиёт тармоқларида давлат-хусусий шериклик тизимини жорий этиш ҳам муҳим аҳамият касб этяпти.  

  Давлат-хусусий шериклик механизмидан дунёнинг барча ривожланган мамлакатларида иқтисодиётнинг кўплаб соҳаларида кенг фойдаланилади. Сув хўжалигида давлат-хусусий шерикликни жорий этишда Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари пешқадам ҳисобланади.

   Шуни таъкидлаш керакки, давлат билан хусусий бизнес ҳамкорлиги механизми кўпгина афзалликларга эга бўлиб, ҳар қандай давлат учун стратегик аҳамиятга эга лойиҳаларни самарали амалга оширишнинг кучли қуроли саналади. Аввало, давлат ва хусусий бизнес шериклиги ўзида бюджет орқали молиялаштиришнинг муқобил шаклини намоён қилади. Давлат билан хусусий бизнес ҳамкорлиги тарзидаги хўжалик юритиш ишлари мамлакат иқтисодий секторига қўшимча манбаларни жалб қилиш имконини беради.

    Худди шу аснода, тегишли шартнома орқали пайдо бўладиган ўзаро муносабат орқали хўжалик юритувчи субъектлар – давлат билан хусусий сектор ўртасидаги ресурс ва салоҳият бирлашади. Бу жараёндаги энг муҳим жиҳат шундан иборатки, давлат мулкидан фойдаланиш самарадорлиги сезиларли даражада ошади.

Президентимизнинг жорий йил 10 июлдаги ПФ-6024-сон Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси”да сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик ва аутсорсингни жорий этиш, алоҳида сув хўжалиги объектларини фермер, кластер ва бошқа ташкилотларга фойдаланиш учун бериш, тежалган маблағларни сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ҳамда ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва рағбатлантиришга йўналтириш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Бу борадаги ишлар доирасида Сув хўжалиги вазирлиги томонидан 2030 йилга қадар 50 та давлат-хусусий шериклик (ДХШ) лойиҳаси амалга оширилади. Шундан 6 таси 2020 йилда якунига етказилади. 2025 йилгача эса соҳадаги ДХШ лойиҳалари сони 25 тани ташкил қилади.

Айни пайтда вазирлик томонидан 2020-2021 йиллар давомида ДХШ қоидалари ва тартиб-таомиллари асосида амалга ошириш юзасидан 24 та лойиҳа шакллантирилган. Шундан 10 таси кластер тизимида фаолият юритиб келаётган хўжаликлар билан амалга оширилади. Улардан 5 таси 2020 йил охиригача, қолган 5 таси 2021 йилда якунига етказилади. Шунингдек, 2021 йилда 9 та лойиҳани бошқа юридик шахслар билан ва 1 та лойиҳани хорижий ҳамкорлар билан амалга ошириш режалаштирилган.

ДХШ бўйича дастлабки лойиҳалар аллақачон самарасини бера бошлади. Хусусан, 2020 йил июнь ойида Сирдарё мелиоратив экспедицияси билан “Сирдарё мелиоратив қурилиш” масъулияти чекланган жамияти ўртасида имзоланган қиймати 9 млрд. сўмлик ДХШ битими бўйича ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун 1,5 млрд. сўмлик воситалар келтирилган.  

Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманидаги ирригация ва мелиорация объектларини ДХШ қоидалари асосида бошқарувга бериш лойиҳасини “TCT AGRO CLASTER” МЧЖ билан амалга оширишга келишилган. Лойиҳанинг концепцияси ва техник-иқтисодий асослари ҳамда битим лойиҳаси ишлаб чиқилиб, тегишли ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигига келишиш учун тақдим қилинган. Шунингдек, лойиҳани молиялаштириш учун талаб этиладиган бюджет маблағларини ажратиш юзасидан Молия вазирлигидан хулоса олинган. Қиймати 43,9 млрд. сўмлик битимни яқин кунларда имзолаш режалаштирилган.

   Самарқанд вилояти Нарпай туманидаги “Оқтош-1”, “Оқтош-2” ва “Туркистон” насос станцияларини, Булунғур туманидаги “Ғалаба” насос станциясини, Қашқадарё вилояти Нишон ва Касби туманларидаги коллекторларга ўрнатилган 4 та насос станцияни, Сирдарё вилоятидаги “Мирзачўл-1”, “Мирзачўл-2” ва М-1 насос станцияларини ДХШ қоидалари ва тартиб-таомиллари асосида бошқарувга бериш ишлари тегишли тартибда олиб борилаяпти.

   Республикамиз сув хўжалиги соҳасида давлат-хусусий шерикликни жорий этиш юзасидан хорижий давлатларнинг етакчи компаниялари билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Бунга Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги билан Янги Зеландиянинг “Sustainable Energy Services International” компанияси ўртасида насос станцияларини бошқаришда давлат-хусусий шерикликни жорий этиш тўғрисида англашув меморандуми имзоланганлигини мисол келтириш мумкин. Мазкур меморандум доирасида сув хўжалиги тизимида бир қатор насос станцияларини давлат-хусусий шериклик қоидалари асосида бошқариш билан боғлиқ аниқ вазифалар белгилаб олинди.

 Мухтасар айтганда, сув хўжалиги соҳасига давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг татбиқ этилиши иқтисодий, ижтимоий ва инфратузилмавий вазифаларни ҳал этиш учун хусусий инвестицияларни жалб этиш, илғор бошқарув тажрибасини жорий этишга хизмат қилмоқда.