Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев : Қашқадарёда 1,5 миллиард куб сувни тежашга эришилади

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 12-13 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Қарши шаҳрида вилоят фаоллари, маҳаллий кенгаш депутатлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилишда ҳудуддаги ирригация ва мелиорация ҳолатини кескин танқид қилди.
Хусусан, нотўғри суғориш оқибатида ерларнинг 45 фоизи шўрлангани, айниқса, бу борада Муборак, Ғузор, Нишон ва Косон туманларида аҳвол жуда оғир эканлигини, 38 минг гектар майдон фойдаланишдан чиқиб кетганини, томчилатиб суғориш жами суғориладиган майдоннинг бор-йўғи 2,4 фоизида жорий қилинганини таъкидлаб ўтди.

Бу камчиликларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев Қашқадарёга келди ва жойларда фермер хўжаликлари, кластерлар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказмоқда. Вилоятнинг Нишон тумани намунавий ҳудуд сифатида танлаб олинди. Туманда бўлиб ўтган учрашувда Ш.Ҳамроев ЎзА мухбирига қуйидагиларни маълум қилди.

– Юртбошимизнинг Қашқадарёга ташрифи жараёнида сув хўжалигида олиб борилаётган ишлар жиддий танқидга учради. Узоқ йиллар давомида йўл қўйилган хато ва камчиликлар бу танқидларга сабаб бўлди. Биз айни пайтда барча туманларда ирригация ва мелиорация тадбирларини жадал олиб бораяпмиз. Хусусан, вилоятнинг Нишон туманини ирригация ва мелиорация ишлари бўйича намунавий туманга айлантиришга ҳаракат қиламиз.

Бу ерда бугунги кунда 25 дан ортиқ экскаватор, булдозер ва бошқа турдаги механизмлар ишламоқда. 500 нафардан ортиқ сув хўжалиги тизимидан ва 500 нафарга яқин фермер хўжаликлари ҳисобидан ҳашарчиларни чиқариб, уларга керакли шароитлар яратиб берган ҳолда ички канал ва зовурларни тозалаш ишларини бошлаб юбордик. Шу билан бирга қаторда сув иншоотларини таъмирлаш ишлари бошланди. Уларни таъмирлаб, гидропостларни ўз ҳолига келтирсак, сувни ҳисоб-китобини қилишга, сувни бошқаришда катта самара беради.

Биз умуман бу йил Қашқадарё вилоятида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш учун чора-тадбирлар ишлаб чиқиб, сув истеъмолчилари билан келишиб олдик. Худо хоҳласа, 1,5 миллиард куб сувни тежаш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Яъни бунда 300 миллион куб сувни новигетация даврида яъни 1 апрелгача бўлган муддатда. Қолган 1 миллиард 200 миллион куб сувни 1 апрелдан 1 октябргача бўлган муддатда иқтисод қилишга келишиб олдик.

Бунинг учун сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилишимиз керак. Камида 50 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш, ёмғирлатиб суғориш технологияларини қўллашни келишиб олдик. Бу бўйича қатор туманларда фермерлар ва кластерларимиз билан учрашувлар қиляпмиз. Бундан ташқари 10 минг гектар майдонда эгилувчан қувурларни жорий қиламиз. Бу ҳам 20-25 фоизга сувни иқтисод қилади. Бундан ташқари плёнка тушаб суғориш тизими йўлга қўйилади. Ушбу технологиялар жорий мавсумда ҳам Қашқадарё вилоятидаги қатор фермерлар, кластерлар ҳудудида қўлланилди, лекин кам миқдорда. Кам миқдорда бўлса ҳам натижаси самарали бўлди. Улар ҳақиқатда бу усулнинг натижаси ижобий бўлишини ўз кўзлари билан кўришди. Камида икки баравар сув тежалди. Пахтадан мисол келтирсак, ҳосилдорлик 10-15 центнерга кўпроқ бўлишига эришилди. Бундан ташқари минерал ўғит, ёқилғи мойлаш маҳсулотлари, ишчи кучи ресурслари ва моддий ресурслар тежалди. Энг асосийси ушбу йўналишда давлат томонидан субсидиялар ажратиляпти. Ўртача 15-20 миллион сўм ҳаражат қилаётган бўлса, шу маблағни 8-10 миллион сўми давлат томонидан субсидиялар бериш орқали қопланмоқда. Лойиҳа эса бир-икки йилда ўзини оқлаб чиқаяпти ва кейинги йиллар яна катта самара беряпти.

Айтиш жоизки, бу йилдан бошлаб, катта миқдорда сув солиғи, ер солиғи жорий қилинган. Буларни тўлаш ҳам анча мушкул. Уларни тўлаш учун ҳам сувни тежовчи технологиялар қўлланса уларга 5 йил мана шунақа имтиёзлар яратилади. Ўйлайманки, бугунги тарғибот ва ташвиқот ишлари, сув танқислигига тайёргарлик ишлари албатта ўзининг самарасини беради.

Бундан ташқари яна бизнинг бир оғриқли нуқтамиз сув хўжалиги ички тармоқларида жуда кўп миқдорда сув исрофгарчилигига йўл қўйилишидир. Шунинг учун биз Нишон туманига олимларни жалб қилиб, суғориш тармоқларини таъмирлаш бўйича ҳам семинарлар ўтказяпмиз. Ҳудудлардаги лотокларнинг кўп қисми ишдан чиққан. Уларни янгилаяпмиз. Қаршида иккита заводимиз бор улар билан шартнома қилиб лоток ишлаб чиқаришни йўлга қўйганмиз. Шу билан бир қаторда лотокларни замонавий технологиялар ёрдамида таъмирлаш ишларини ҳам олиб боряпмиз. Таъмирлагандан кейин ҳам улар яна 10 йил хизмат кўрсатади. Сув иншоотларини ҳам таъмирлаб уларга ахборот технологияларини қўллашни йўлга қўйяпмиз ва бу қилинаётган ишлар сувни янада тежаш самарадорлигини ошишига хизмат қилади.