Сув хўжалигида Давлат Хусусий Шерикчиликни ривожлантириш бўйича ўқув курси амалга оширилмоқда

Сув хўжалигида Давлат Хусусий Шерикчиликни ривожлантириш бўйича ўқув курси амалга оширилмоқда

Президентимизнинг 2020 йил 10 июлдаги ПФ-6024-сон Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси”да сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик ва аутсорсингни жорий этиш, алоҳида сув хўжалиги объектларини фермер, кластер ва бошқа ташкилотларга фойдаланиш учун бериш, тежалган маблағларни сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ҳамда ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва рағбатлантиришга йўналтириш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Фармон ижросини таъминлаш мақсадида Cув хўжалиги вазирлиги томонидан 2030 йилга қадар 50 та давлат-хусусий шериклик (ДХШ) лойиҳаси амалга оширилиши кўзланган. Жумладан, 2020 йилда 8 та лойиҳа битими имзоланиб, ДХШ агентлиги реестрга киритилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 апрелдаги “Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш борасида давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 199-сон қарорининг 5-иловасига мувофиқ 2021 йилда жами 100 та давлат-хусусий шериклик лойиҳалари рўйхати тасдиқланган ва амалга ошириш муддатлари белгиланган. Ушбу қарорга асосан жорий йилда 5 та лойиҳа битими имзоланиб, ДХШ агентлиги лойиҳлари реестрига киритилган.

Бу борада амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишиш ҳамда жаҳон тажрибасини ўрганиш мақсадида, Сув хўжалиги вазирлиги Аҳборот-таҳлил ва ресурс маркази томонидан Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги томонидан молиялаштирилаётган «Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси» билан ҳамкорликда ташкил қилинган “Сув хўжалигида Давлат Хусусий Шерикчиликни ривожлантириш” бўйича ўқув курси бошланди.

Ўқув курсини сув хўжалиги вазири ўринбосари Акмал Арзиевич Мирзаев очиб берди. Аҳборот-таҳлил ва ресурс маркази директори Ш.Қурбонов ва лойиҳа рахбарлари  О.Исломова ва Б.Бурхонжоновлар сўзга чиқиб ўқув курси тўғрисида ўз фикрларини билдирдилар. Ўқув курсида сув хўжалиги вазирлигидан ҳамда Аҳборот-таҳлил ва ресурс марказидан маъсул ходимлар қатнашишди.