UZWATER AWARE ЛОЙИҲАСИ ХОРАЗМДА

UZWATER AWARE ЛОЙИҲАСИ ХОРАЗМДА

Бугун сувнинг қадри ва қиймати ҳар қачонгидан ҳам ортган, десак асло муболаға бўлмайди. Айниқса, ўтган йилларга нисбатан сув танқислиги бироз сезилган жорий йилда бу яққол намоён бўлди. Сув танқислигини енгиш йўллари кўп, аввало, ундан режа асосида самарали фойдаланиш, беҳуда исроф бўлишига йўл қўймаслик, доимо тежаш чораларини кўриш, ва албатта, экинларни суғоришда сувни тежовчи технологиялардан фойдаланиш зарур.

Хоразм шароитида гидрогелдан фойдаланиш ҳам ўзига хос аҳамиятга эга.  Гидрогел – сувда юқори бўкувчан синтетик полимер бўлиб, тупроқ таркибида, кўп миқдордаги намликни узоқ вақт давомида сақлаш имконини беради. Тупроққа суғориш йўли ёки ёғингарчилик билан кирган сув ўсимлик илдизига бемалол ўтадиган ҳолатда сақланади. Ёмғир сувларида ўзининг оғирлигидан 200-300 марта, кўпчилик ер майдонларида эса тупроқ таркибидаги турли тузларнинг миқдорига қараб 200-250 мартагача кўп сувни ўзида сақлайди.

Ҳозирда республикамизда гидрогел маҳсулоти маҳаллий хомашёлар асосида тайёрланмоқда. Гидрогель экологик жиҳатдан зарарсиз ҳисобланади, 3-5 йилгача намлик, минерал ўғит ва микроэлементларни илдиз атрофида сақланиб туришини таъминлайди, сўнгра парчаланиб кетади ва ўсимлик илдизлари уни ўзлаштириб юборади.

Урганч шаҳридаги Дўстлик ва нодавлат нотижорат ташкилотлар уйида бўлиб ўтган тадбирда гидрогелдан фойдаланган ҳолда ўсимлик ва дарахтларни экиш бўйича маҳорат дарси ўтказилди. Унда Хоразм вилоятида сув ва экология йўналишида фаолият юритадиган нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари қатнашди.

Нега айнан улар? Нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари аҳолининг барча қатламлари билан ҳеч қандай расмиятчиликларсиз мулоқот қилади, уларнинг манфаатларини илгари суради, ижтимоий муаммоларга ечим топишга интилади. Шу боис, бу галги маҳорат дарсларига айнан улар таклиф этилди.

Шу билан бирга, республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларидан вакиллар қатнашди. Дарвоқе, UzWater Aware лойиҳаси доирасидаги тадбирларни ёритиш учун бир гуруҳ журналистлар иштирокида Хоразм вилоятига пресс-тур уюштирилмоқда.  UzWater Aware лойиҳаси Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган бўлиб, Марказий Осиё минтақавий экологик маркази уни амалга ошираяпти. Сув хўжалиги вазирлиги лойиҳанинг миллий ҳамкори ҳисобланади.

Амударёнинг қуйи минтақасида жойлашган, шўрланиш даражаси нисбатан юқори бўлган Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида сувга эҳтиёж қанчалик эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Бу ҳудудларда кўпчилик аҳолининг даромади, турмуш фаровонлиги сув билан бевосита боғлиқ. Шуни инобатга олган ҳолда, UzWater Aware лойиҳасининг навбатдаги тадбирлари учун Хоразм вилояти танланди. Лойиҳа доирасида Урганч шаҳридаги 15-, 12-, ва 7-сонли мактабларда сувни тежашга бағишланган экодарслар ўтказилди. Уларда болажонларга сувни тежайдиган технологиялар, сувдан иқтисодиёт ва маиший соҳаларда фойдаланиш, виртуал сув, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича саводхонликни оширишга қаратилган видео-роликлар намойиш этилди. Ўқитувчилар, ота-оналарнинг сув ва уни тежаш бўйича болаларга билим беришида қўлланма сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган “Сув ҳақида нима биласиз?” китобининг тақдимоти ўтказилди.

Барча иштирокчиларга ниқоблар ва антисептик воситалар, COVID-19 дан ҳимояланиш бўйича болалар ва катталар учун махсус рангли буклетлар тарқатилди.

Хоразм вилоятига пресс-тур давом этмоқда.