ХОРАЗМЛИК 100 НАФАР СУВЧИ МАЛАКА ОШИРМОҚДА

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Урганч филиалида Хоразм вилояти сув хўжалиги ташкилотлари ходимлари учун соҳада замонавий ахборот-коммуникация ва рақамлаштириш технологияларини қўллаш бўйича малака ошириш ўқув курслари ўтказилмоқда.

Икки кун давом этадиган курсларда 100 нафар тингловчи маълумотларни реал вақт режимида узатиш, йиғиш, таҳлил қилиш имконини берувчи ахборот тизимлари, дастурий таъминот ҳамда мобил иловалар, сув ва электр энергияси ҳисоб-китоби, ерларнинг мелиоратив ҳолатини назорат қилиш ҳамда уларни бошқариш жараёнларини автоматлаштириш, геоахборот тизимлари технологиясидан фойдаланиш ва улар ёрдамида рақамли хариталар яратиш, космосли зондлаш имкониятлари ҳақида маълумотларга эга бўлишади.

Шунингдек, ўқув курсларида сув хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳани янада ривожлантириш бўйича қабул қилинган қарор ва фармонлар, уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида маърузалар тингланади.

Матбуот хизмати