ЙИРИК ЛОЙИҲА АМАЛГА ОШИРИЛМОҚДА

ЙИРИК ЛОЙИҲА АМАЛГА ОШИРИЛМОҚДА

Халқ ирригациясининг ноёб иншоотларидан бири бўлган ва узунлиги 23,8 километрни ташкил этган “Савай” канали ўтган асрнинг 27-30 йилларида қазилган. Ўтган вақт давомида турли омиллар таъсирида мазкур канал ва ундан сув олувчи қатор иншоотлар шикастланди ёки ўтказиш қувватлари пасайди. Шунингдек, Оқбурасойнинг қирғоқлари ҳам емирилди, ўзанлари таъмирталаб ҳолатга келди.

Жаҳон банки иштирокидаги “Фарғона водийсида сув ресурсларини бошқариш. 2-фаза” лойиҳаси доирасида “Савай-Оқбурасой” тизимида амалга ошириладиган қурилиш ва реконструкция ишларига 48,5 млн. АҚШ доллари ажратилди.

Лойиҳа доирасида ўнлаб иншоотларни янгилаш кўзда тутилган. Жумладан, 46,4 км узунликдаги 5 та канал, 183 та гидротехника иншоотлари қайта тикланади.

Айни вақтда қурилиш ва қайта тиклаш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. “Савай” канали қайтадан бетон билан қопланмоқда. Сув ўтказувчи иншоотлар янгиланмоқда.

– Савай-Оқбурасой ирригация тизими бошқармасидан сув оладиган ҳудуд сув тошқинлари хавфи юқори бўлган жой ҳисобланади, – дейди Норин-Қорадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш. Эргашев. – Шу боис, биринчи навбатда узунлиги 4,4 километр бўлган “Хавфли ташлама” канали реконструкция қилинди ва фойдаланишга топшириш арафасида. Бу канал тошқинлар мавсумида секундига 15 кубометр сувни “Шаҳрихонсой”га ташлаб бериш қувватига эга.

“Савай” каналидан сув оладиган, узунлиги 5,8 км бўлган “Бештол” каналини таъмирлашда илғор технология қўлланилмоқда. Яъни, бетон қоплама уч қаватдан иборат тўшама устига қуйилмоқда. Каналнинг қиялик даражаси шу қадар аниқки, аввало оқим тезлиги бир текисда бўлади. Сув беҳуда исроф бўлмайди. Геокомпозит тўшамали мазкур канал Жалақудуқ туманидаги “Бештол”, “Ёрқишлоқ”, “Қўштепа” ҳудудлари далаларини сув билан таъминлашни яхшилайди.

Жорий йилда Андижон вилояти сув хўжалиги тизимида 7,53 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция ўзлаштирилиши белгиланган бўлиб, “Янги нишоб” ҳамда “Савай” каналларидан ташқари, “Савай-1”, “Ором” насос станцияларида ҳам қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилаяпти.

Норин-Қорадарё ИТҲБ

матбуот хизмати

Манба: http://www.water.gov.uz/uz/posts/1545735855/796