Сув хўжалиги соҳасида ишлатиладиган асосий терминлар ва тушунчалар

Сув хўжалиги соҳасида ишлатиладиган асосий терминлар ва тушунчалар

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СУВ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРЛИГИ

АХБОРОТ-ТАҲЛИЛ ВА РЕСУРС МАРКАЗИ

 

АСОСИЙ ТУШУНЧАЛАР

Сув - Ўзбекистон Республикасининг давлат мулки, умум-миллий бойлиги ҳисобланади, у давлат томонидан қўриқланади. Жилғалар, сойлар, дарёлар, сув омборлари, кўллар, денгизлардан, каналлар, коллектор-дренаж тармоқлари, булоқлар, ҳовузларнинг сувлари ва бошқа ер усти сувларидан - Ягона давлат сув фонди ташкил топади.

Сув хўжалиги - иқтисодиётнинг сув ресурсларини ва сув объектларини ўрганиш, ҳисобга олиш, бошқариш, улардан фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш, шунингдек сувларнинг зарарли таъсирига қарши курашишни қамраб олувчи тармоғи;

Сув объекти - сувлар доимий равишда ёки вақтинча тўпланадиган ва сув режимининг ўзига хос шакллари ва белгилари бўлган табиий (жилғалар, сойлар, дарёлар ва бошқалар) ҳамда сунъий (очиқ ва ёпиқ каналлар, шунингдек коллектор-дренаж тармоқлари) сув оқимлари, табиий (кўллар, денгизлар, ер ости сувли қатламлари) ва сунъий (сув омборлари, сел сувлари тўпланадиган жойлар, ҳовузлар ва бошқалар) сув ҳавзалари, шунингдек булоқлар ва бошқа объектлар;

  Сув ресурслари - сув объектларида тўпланган барча сувлар мажмуи, булар мавжуд ҳудуддаги барча ер усти сувлари, ер ости сувларидир;

Ер ости сувлари ресурслари - ер сатҳидан пастда ер қобиғининг тоғ жинслари қатламларида жойлашган сувлардир, ер ости сувлари одатда
3 тоифага бўлинади (сизот сувлари, артизан сувлари, босимли сувлар);

Трансчегаравий сувлар - икки ва ундан ортиқ давлатлар чегараларини кесиб ўтадиган ёки шундай чегараларда жойлашган ҳар қандай ер усти ёки ер ости сувлари;

Сув кадастри – мамлакатнинг барча сув ресурслари ҳамда объектларини  ҳар томонлама  ва батафсил  тавсифловчи  маълумотлар;

Дарёнинг сувлилиги - муайян вақт оралиғи  (ўн кун, ой, бир  йил)да дарёдан оқиб ўтадиган сув ҳажми;

Сув истеъмоли (сувни истеъмол қилиш) - юридик ва жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжларини қондириш учун сув ресурсларидан уларни сув объектидан белгиланган тартибда олган ҳолда истеъмолга ишлатиб фойдаланиши;

Сувдан фойдаланиш - юридик ва жисмоний шахслар томонидан сув ресурсларини сув объектидан белгиланган тартибда олиб лекин истеъмолга ишлатмаган ҳолда улардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиш (буларга гидроэлектростанциялар, саноат корхоналари, балиқчилик хўжаликлари мисол бўлиши мумкин);

Сув истеъмолчилари уюшмаси – юридик ва жисмоний  шахс бўлган сув истеъмолчилари томонидан сувга доир муносабатлар соҳасидаги ўз фаолиятларини мувофиқлаштириш, шунингдек умумий манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш учун ихтиёрий асосда ташкил этиладиган нодавлат нотижорат ташкилот;

Сув хўжалиги объекти - сув ресурсларини тўплаш, бошқариш, етказиб бериш, улардан фойдаланиш, уларни истеъмол қилиш, ажратиб бериш ва муҳофаза қилиш мақсадида сув хўжалиги фаолияти амалга ошириладиган сув объекти (дарёлар, сойлар каналлар,  Сув омборлари, гидроузеллар, гидротехник иншоотлар, гидропостлар, гидрометрик кўприклар, сув таксимлаш иншоотлари);

Сув омбори - тўғонлар ёрдамида сувни йиғиш ва сақлаш учун қуриладиган сунъий сув ҳавзаси (сув омборлар 2 хил бўлади: ўзанли ва қуйилма);

Канал - ўз оқими билан оқадиган тўғри шаклли сунъий ўзанга эга бўлган сув ўтказгич;

Машина канали - насос орқали чиқариб берилган сувни бошқаришга мўлжалланган канал;

Хўжаликлараро канал - сув ўтказиш қобилиятидан қатъий назар бир нечта хўжалик ҳудудидан оқиб ўтувчи каналлар;

Гидротехник – сувдан тўғри  фойдаланишга мутасадди шахс;

Бош иншоот - магистрал канал бошида  қурилган, манбаъдан олинадиган  сувни созлаб турадиган гидротехник  иншоот;

Сув иншоотларининг тугуни (гидроузел) - дарё ёки каналнинг  бир ерида  қурилган бир нечта гидротехника иншоотлар мажмуи;

Гидротехника иншоотлари - сув тўпловчи, сув ўтказувчи, сув сатҳини кўтарувчи, сув тўсувчи, сув оқимини бошқарувчи ва бўлувчи иншоотлар мажмуи;

Сув хўжалигидаги гидротехник иншоотлар – сув омбори, сел сув омборлари, канал (магистрал, туманлараро, хўжаликлараро), лоток, насос станция (суғориш ва мелиоратив), тик қудуқлар (суғориш ва мелиоратив), коллектор (магистрал, туманлараро, хўжаликлараро), очиқ ва ёпиқ дренажлар, пъезометрлар, дюкер, акведук, гидроузел, сув тўсувчи иншоотлар, сув тақсимловчи иншоотлар ва бошқалар;

Сув тақсимлагич – дарё, канал каби катта сув манбаъларидан  кичик ариқ ва майда  каналларга сув тақсимлаш учун хизмат қиладиган гидротехник иншоот;

Сув ўлчаш сув туширгич (водослив) – кичик каналларда сувни ўлчаш учун суний  ўзгармас ўзан шаклига келтирилган иншоот;

Сув туширгич (перепад) - сув оқиши юқоридан пастга  кескин  тушадиган ерга  қуриладиган поғонали  гидротехник иншоот;

Сув урилма - сув туширгичдан кейин жойлашган дарё ўзани ёки  каналнинг мустаҳкамланган қисми;

Понур - юқори бъефда  иншоотнинг  олди томонига қуриладиган иншоот бўлиб, иншоот олдидаги ўзанни ювилишидан сақлайди, шунингдек иншоот остидан сингиб ўтувчи  фильтрация йўлини узайтиради;

Рисберма - рисберма-иншоот чиқиш  қисмидан  сўнг жойлаштирилиб, иншоотнинг барча  оралиқлари учун битта  қабул қилинади, унинг асосий вазифаси: а) иншоотдан чиқувчи оқимнинг тезлигини каналдаги ювилиш тезлигидан катта бўлган пастдаги бъефни ювилишдан сақлаш; б) сув  урилмада тўла сўнмаган оқимнинг энергиясини сўндириш; в) иншоотдан чиқувчи  оқимни каналга текис тарқалишини таъминлаш;

Флютбет - сув оқими иншоотнинг олди томонидан грунтни ювиб кетиш ва иншоот остидан  сингиб ўтувчи фильтрация оқимини зарарли таъсиридан ҳимоя қилувчи иншоот (Флютбет уч қисмдан: понур, сув урилма ва рисбермадан ташкил топади);

Шпора - дарё қирғоқларини  ювилишдан  сақлаш мақсадида  сув оқимига  қия қилиб  қуриладиган қурилма;

Фарватер - денгиз, дарё ва кўлларнинг кемалар ва соллар хавфсиз ҳаракатланиши учун маълум белгилар билан ажратиб қўйилган чуқур жойлари;

Нов (лоток) – (очиқ нов) ариқ ўрнида  фойдаланиш учун  ишлатилади;

Тўғон (плотина) – сунъий ёки табиий  сув йўлларини  тўсиш учун  турли материаллардан  қуриладиган  гидротехник иншоот;

Остона (порог)- гидротехник иншоотларини сув ўтказадиган пастки  қисмлари ёки дарё ўзанини ювилишдан сақлаш учун унинг  остига қуриладиган кўндаланг девор;

Бўйлама кесим (продольный профиль) - гидротехник  иншоот  йўналишини  узунасига  бўлаб олинган тик қирқими кўриниши;

Кўндаланг кесим (поперчный профиль) - гидротехник иншоот йўналишининг эни бўйлаб олинган  тик қирқим  кўриниши;

Канал турлари - қазилма, тўкилма, ярим қазилма ва бошқалар;

Акведук - жар, дара, дарё, йўл орқали нов ёки кўприксимон кўринишдаги сув ўтказувчи  иншоот;

Дюкер - канал сувини темир йўл, қатнов йўллари, кўтарма ва бошқа тўсиқ тагидан олиб ўтишга мўлжалланган ёпиқ сув ўтказувчи  иншоот;

Тўсиқ (зуб) - тупроқдан қурилган тўғон ва қурилмаларнинг конструктив  элементлари  сизиб чиқадиган сув йўлларини  чўзиш учун  флюбет (иншоот асоси ) остига  ўрнатиладиган тўсиқ;

Каскад - бир неча поғонали  урилиб  тушадиган сунъий шаршара;

Гидротехник бетон - гидротехник иншоотларга ишлатиладиган сув ўтказмайдиган, эгилувчан, совуқ ва иссиққа ҳамда сувдаги  агрессив моддаларнинг  таъсирига чидамли бетон;

Мелиорация объектлари - коллектор-дренаж ва ер усти ташлама сувларини тўплаш ҳамда уларни суғориладиган ерлардан ташқарига чиқариб ташлашга хизмат қилувчи, коллекторларни ва коллектор-дренаж тармоғини, вертикал дренаж қудуқларини, мелиоратив насос станцияларини (агрегатларини) ва кузатув тармоғини ўз ичига оладиган сув хўжалиги объектлари;

Дренаж - зах қочириш мажмуаси, қишлоқ хўжалик экинларини  ўсишига  мўътадил шароит яратилиши мақсадида суғориладиган майдонда сизот сувлар  сатҳини пасайтиришга хизмат қиладиган қувур;

Дренаж модули - 1 секундда 1 гектар майдондан чиқиб кетган сув миқдори;

Зовур - суғориладиган майдонлардан сизот сувларини олиб чиқиб кетишга, ҳудуддаги ер ости сизот сувлари сатҳини меёр даражасида сақлашга хизмат қилувчи тармоқ;

Тик зовур - бурғу билан чуқур қазилган қудуқдан сизот сувларини чиқаришга мўлжаллаб қурилган сув тармоғи;

Пьезометрик сатҳ - босимли сув  қатлами  бурғу ёрдамида  очилганда  сув сатҳи қудуқ бўйлаб юқорига кўтарила бошлайди, бу босимли сув босими  пьезометрик сатҳ деб аталади;

Насос - ташқи куч ёрдами билан ҳаракатга келувчи ва суюқликни бир жойдан иккинчи жойга кўтаришга хизмат қиладиган машина;

Насос станция - суюқликларни босим остида ҳайдайдиган иншоот, машина  ва қурилма мажмуаси;

Насосни сўриш баландлиги - насос ўрнатилган жойнинг сатҳи билан мазкур насос сўриб олиши мумкин бўлган сувнинг сатҳи орасидаги масофа (м);

Сурма қулфак (задвишка) - сув қувурларидаги сувни беркитадиган қурилма;

Кавитация - суюқлик узлуксизлигини бузилиши ва босимнинг танг ҳолатга келиши (насос станцияларининг сўрувчи турбиналари сув кам вақтида сувга ҳаво аралаш сўрганда содир бўладиган жараён);

Сувларнинг зарарли таъсири - сув тошиши, сув босиши, зах босиши ва сувларнинг ўзга таъсирлари натижасида айрим табиий-хўжалик объектлари ва ҳудудларнинг ювилиши, бузилиши, лойқа чўкиши, ботқоқланиши, шўрланиши ва бошқа салбий ҳодисалар;

Гидрометрик  кўприк - канал ва дарёларда сув сарфини  ўлчаш мақсадида  қурилган кўприк;

Сув сарфи - каналнинг жонли кесим  юзаси орқали, бир секундда оқиб  ўтган сув миқдори, м3/сек; (жонли кесим юзаси деганда каналнинг сув сатҳидан канал тубигача бўлган қисми тушунилади. Масалан: жонли кесим юзаси - 6 м2; сувнинг тезлиги - 2 м/сек. бўлганда 6м2   х 2 м/сек= 12 м3/сек).

Створ - дарё, канал ўзанлари ва сув оқимининг турли қисмларини ўлчаш учун  ўзаннинг  бирор ерида  маълум белги ва  қозиқлар  билан белгиланган йўналиш;

Сув сарфини ўлчаш иншоотлари - Чиполетти, Томпсон, Иванов, САНИИРИ сув ўлчаш остонаси ва сув ўлчаш нови, қувурли, ўзгармас ўзан ва бошқалар;

Гидрограф - дарё ёки каналда  сув сарфини кўрсатувчи эгри чизиқ;

Гидрометрик вертушка турлари - қўнғироқли, электрон, лазерли ва бошқалар;

Сув ҳажми - маълум бир вақтда суғоришга берилган ёки сув омборига оқиб кирган сув миқдорига айтилади (каналдан бир секунда 20 м3 сув оқиб ўтаётган бўлса, шу оқиб ўтаётган сувни сарфини бир суткадаги секундлар сонига, яъни 86400 га кўпайтирилади.  20 х 86400 = 1 728 000 м3   ёки  1 млн. 728 минг м3);

Сув сатҳи - сув юзасининг шартли таққосланадиган горизонтал текисликка  нисбатан баландлиги;

Сув режими - сув объектлари ва тупроқ-грунтида сув сатҳи, тезлиги, сарфи ва ҳажмининг вақт бўйича ўзгариши;

1 мартали суғориш меъёри - 1 гектар майдонга  бир марта сув бериш меъёри (Мисол учун: пахта учун 900-1200 м3/га, ғалла учун 700-900 м3/га, сабзавот учун 600-900 м3/га. далага бир суткада 0,10 м3/сек сув оқиб кирган бўлса, 86400- бир суткадага сукундлар сони, Q=0,10 х 86400=8640 м3/сек);

Мавсумий суғориш меъёри - 1 гектар экин майдонига суғориш мавсумида бериладиган сув миқдори, м3/га. Ўсимликнинг ўсиб ривожланиши учун ўсимликнинг вегетатив даврида суғориш учун сарфланадиган сув миқдори тушунилади (Масалан: II-гидромодул район учун пахтага – 5600-6200 м3/га, ғаллага -3300-4500 м3/га, сабзавот экинларига - 11000 м3/га, шолига – 22000 м3/га. Бунда бир марталик суғориш меъёрини суғоришлар сонига кўпайтирилади);

Вегетатив даври - бир йиллик ўсимликлар учун уруғнинг унишидан бошлаб, янги  уруғи пишиб етилгунга қадар бўлган давр;

Каналнинг гидравлик элементлари - канал баландлиги, эни, нишаблиги, канал юзаси ғадир-будирлиги, гидравлик радиуси, кўндаланг кесим юзаси;

Каналнинг фойдали иш коэффиценти (ФИК) - каналнинг бошидаги сув сарфини каналнинг охиридаги сув сарфига нисбати орқали аниқланади (Масалан: канал бошида 100 м3/сек сув очилган бўлса, каналнинг охирига 75 м3/сек бўлиб етиб борди. 75/100=0,75 каналнинг фойдали иш коэффиценти 0,75 га тенг бўлади);

Суғориш тизимининг фойдали иш коэффициэнти (ФИК) - бир неча каналларнинг ФИКлари кўпайтмасига тенг (Мисол учун: хўжалик ички ариғи ФИК - 0,75, хўжаликлараро канал ФИК - 0,85, магистрал канал ФИК -0,9 бўлса 0,75х0,9х0,9=0,61);

Сувдан фойдаланиш коэффиценти (СФК) - 1м3/сек сув билан бир сутка давомида амалда суғорилган майдонни белгиланган меъёр асосида суғориш мумкин бўлган майдонга нисбатига айтилади (Мисол учун: 1 м3/сек сув билан
60-65 гектар майдон суғориш имконияти бўлсада, амалда 50 гектар суғорилган бунда,

               Wфакт            50 га      

СФК = ----------- = ---------- = 0,83); 

              Wнорма           60 га

 

Бир суткада 1 м3/сек сув билан суғорилган майдонни ҳисоблаш тартиби - 1 м3/сек сув бир суткадаги секундлар сонига (86400) ҳамда суғориш тармоғининг ФИКга кўпайтирилиб, бир суткада экин майдонига оқиб кирадиган сув ҳажми аниқланади. Ушбу сув ҳажми экиннинг бир марталик суғориш меъёрига бўлиниб, бир сутка давомида қанча майдон суғориш мумкинлиги топилади (1 м3/сек. Х 86400 Х ФИК /суғориш меъёри, Мисол учун: ФИК = 0,75, суғориш нормаси - 1200 м3 бўлганда, 1 Х 86400 Х 0,75 / 1200 = 54 га);

Суғориш гидромодули - бир гектар майдонга вақт бирлиги ичида бир маротаба суғориши учун берилган солиштирма сув сарфига айтилади (л/сек/га).