«Оролбўйи ─ экологик инновациялар ва технологиялар» концепцияси тақдим этилди

«Оролбўйи ─ экологик инновациялар ва технологиялар» концепцияси тақдим этилди

Орол денгизи ва унинг атрофидаги ҳудудлар ҳолатини яхшилаш бўйича вазифаларни белгиловчи «Оролбўйи ─ экологик инновациялар ва технологиялар» концепцияси ишлаб чиқилди. Мазкур концепция 8-9 августь кунлари Тошкент шаҳрида халқаро экспертлар иштирокида бўлиб ўтаётган «Орол денгизи ҳавзасидаги қишлоқ хўжалиги ва экология муаммоларини инвестиция ва инновациялар учун имкониятларга айлантириш» мавзусидаги халқаро кўп тармоқли форумда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан тақдим этилди.

Орол денгизи: илгари ва ҳозир

Инновацион ривожланиш вазирлиги табиат ресурслари ва атроф-муҳитни муҳофазалаш тизимини ривожлантириш бўлими бошлиғи Абдусалом Ишимов Орол денгизининг аввалги ва ҳозирги ҳолати ҳақида маълумотларни тақдим этди.

─ Катталиги бўйича дунё кўллари орасида тўртинчи ўринни эгаллаган Орол денгизи Ўрта Осиёнинг икки йирик дарёси ─ Амударё ва Сирдарё сувларидан тўйинган. Мазкур сув ҳавзаси Ўрта Осиё ҳудудида иқлим ҳолатини назорат қилиш, об-ҳаводаги кескин ўзгаришларни юмшатиш вазифасини ҳам бажарган. Ҳудудга кириб келган шамол массалари Орол денгизи акваторийси таъсирида қишда илиқлашган, ёзда эса салқинлашган.

Ўтган аср ўрталарида Орол денгизининг сув ҳажми 1080 км3ни ташкил этган бўлса, ҳозир бу сув ҳавзаси учта кичик қисмга ─ Ғарбий денгиз (43,6 км3), Шимолий денгиз (25,1 км3), Катта денгиз (0,7 км3) ажралиб қолган.

Орол нега қуриди?

Абдусалом Ишимованинг қайд этишича, Орол денгизининг қуриб қолиши сувнинг нотўғри сарфланиши ва демографик омиллар билан боғлиқ.

1913 йилда Орол денгизидан суви билан суғориладиган ер майдони 3,2 млн гектар бўлган бўлса, 1985 йилга келиб, бу кўрсаткич 6,9 млн гектарга етди.

Турли эҳтиёжлар учун Орол денгизидан сарфланадиган сув 1960 йилларда 63 км3, 1980 йилда эса 95,0 км3 кубни ташкил этган.

Ўтган аср давомида бир қанча каналларнинг бунёд этилиши натижасида Амударё ва Сирдарё сувлари бошқа томонга йўналтирилган, натижада Оролгача сув етиб бормаган.

20 аср давомида Оролбўйи ҳудудлари Марказий Осиё ва қисман Афғонистон аҳолисининг 14 млн.дан 65 млн.гача кескин ортиши ҳам сувга бўлган талабнинг ортиб боришига сабаб бўлган.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги мақсадларида ернинг шўрини ювишга ҳам катта миқдорда сув сарфланган.

«Орол денгизининг қуриб бориши натижасида бир қатор салбий ҳолатлар юзага келди. Орол ҳудудида пайдо бўлган заҳарли туз уюмларининг зарралари Помир тоғлари, Антарктида соҳиллари, Гренландия музликлари, Норвегия ўрмонларигача етиб бормоқда. Ёввойи ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси қирилиб бормоқда. Оролбўйи ҳудудида локал иқлим кескин ўзгаришларга учради. Ичимлик сувининг танқислиги, хавфли касалликларнинг тарқалиши, яшаш шароитларининг оғирлашуви натижасида Оролбўйи ҳудудидан аҳоли миграцияси кўпайган», ─ дейди Инновацион ривожланиш вазирлиги вакили.

Концепция нималарни кўзда тутади?

«Оролбўйи экологик инновациялар ва технологиялар» концепциясига кўра, «Экологик инновациялар ва технологиялар зонаси» бўйича норматив-ҳуқуқий базани яратиш, турли манбаларни жалб қилган ҳолда молиялаштириш тизимини йўлга қўйиш, малакали кадрларни тайёрлаш, Оролбўйи ҳақидаги барча маълумотларни сақловчи веб-сайтни ишга тушириш кўзда тутилган. Хусусан, концепция қуйидаги аниқ вазифаларни қамраб олади:

─ ерусти экспедициялари ва космик кузатувлар ёрдамида Оролнинг қуриган тубини доимий мониторинг қилиб бориш;

─ Оролбўйини ҳамда денгизнинг қуриган тубини ўзлаштириш мақсадида қурғоқчиликка чидамли бўлган дарахт навларини эккан ҳолда кенг кўламли ўрмонлаштириш ишларини олиб бориш;

─ бўрдоқичилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш учун ўтлоқлар зонасини яратиш;

─ мавжуд манбалардан фойдаланган ҳолда таянч-ҳаракат касалликларини балчиқ билан даволаш, Ғарбий денгизнинг минерал сувлари ёрдамида бальнеотерпия муолажаларини йўлга қўйиш;

─ қуёш иссиқлиги асосида ишловчи иссиқхоналарни ишга тушириш;

─ олий маълумотли геоботаник, тупроқшунос, зоолог, географ, эколог, геологларни тайёрлаш;

─ ҳайвонот ва наботот оламини бойитиш.

 

Магнба: