“17 июнь – Жаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни” муносабати билан семинар йиғилиши ўтказилди

“17 июнь – Жаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни” муносабати билан семинар йиғилиши ўтказилди

Маълумки, 1994 йил декабрь ойида БМТ нинг бош ассамблеяси қабул қилган резолюциясида ҳар йили 17 июнь кунини “Бутунжаҳон чўлланишга қарши кураш куни” деб эълон қилди.

Ушбу кунда ерларни таназуллга учрашини камайтириш бўйича муаммоларни ҳал этишга йўналтирилган қарорлар қабул қилиши ва барча даражадаги аҳолини фаол иштирок этиши ва хамкорлик қилиши орқали чўлланиш ва қурғоқчиликни салбий оқибатларини бартараф этиш бўйича кенг кўламли амалий ишлар олиб борилади.

Жорий йилнинг 14 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлари гуруҳи, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон экологик партияси ҳамкорлигида ташкил этилган “17 июнь – Жаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни” муносабати билан семинар йиғилиши ўтказилди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари ва Девон ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси мутасаддилари, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ходимлари, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутахассислари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси ходимлари, экоҳаракат фаоллари, олимлар, мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Семинарда иштирокчилар эътиборига БМТ нинг 2018-2030 йилларда “Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш бўйича стратегияси” ҳамда ерларни таназуллга учраши оқибатлари тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.  

Бугунги кунда республикамизнинг 70% ҳудуди ёки 31,4 млн гектари арид ва ярим арид (қурғоқчил) зоналар бўлиб, табиий шўрланган, кўчма қумлар тарқалган, чанг тўзонлар ва қуруқ иссиқ гармсел таъсиридаги майдонлардан иборат. Шу билан бирга Орол денгизи сув сатҳини қуриши натижасида қўшимча Ўзбекистон ҳудудида Оролқум чўли пайдо бўлди ва чўлланган ҳудудлари майдони яна кўпайиб 3,34 млн. гектарга етди. Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларида 2000-2018 йиллар давомида 8 млн гектардан ортиқ ерлар шўрланган ва 1 млн гектардан ортиқ ерлар эрозияга учраган (бу умумий регион майдонининг 96 % ташкил этади).

Ўзбекистонда чўлланишга қарши курашиш, деградацияга учраган ерларни қайта тиклаш бўйича ишларни олиб бориш самарадорлигини ошириш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг ҳалқаро мажбуриятларини самарали бажарилишини таъминлаш мақсадида 2019 йилнинг 22 февралида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чўлланишга ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” Қарори қабул қилинди. Мазкур қарор ижроси бўйича Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси жорий йилнинг 5 ойи мобайнида ўрмон фонди ерларида 21 минг гектардан ошиқ ҳимоя ўрмонзорлари барпо этган. Йил якунига қадар 52 минг гектарда бажарилиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари қуриган Орол денгизи тубида 2019 йилда 500 минг гектар майдонда яшил қопламалар барпо этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 февралда 132-сонли қарори қабул қилинди. Қарорга асосан ўрмон хўжаликлари томонидан 2019 йил кўчат экиш мавсуми давомида 1,5 минг тоннадан ортиқ саксовул ва бошқа чўл ўсимликлари уруғлари тайёрланди, 1 млн 126 минг гектар майдонда қум тўплайдиган ариқлар тайёрланди, 461 минг гектар майдонда ўрмонзорлар барпо этилди. Ушбу тадбирларни бажаришга 2000 дан ортиқ ишчи ходимлар жалб қилинган.

Ўзбекистон Республикасида чўлланиш ва қурғоқчиликга қарши курашиш бўйича 2019-2023 йилларга мўлжалланган “Йўл ҳаритаси” ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамаси томонидан 2019 йил 26 апрелда тасдиқланди.

Орол денгизининг қуриган тубида ва Орол бўйи ҳудудларда ўрмон барпо қилиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятлари ўрмон хўжаликлари томонидан 450 гектардан ортиқ саксовул ниҳолхоналари етиштириш ташкил этилди.

Чўлланишга қарши курашиш, таназулга учраган ерларни аниқлаш ва амалга оширилаётган ишларни баҳолаш бўйича мезон кўрсаткичлари ишлаб чиқилиб тегишли вазирлик ва халқаро ташкилотларга тақдим этилган. Республиканинг чўл минтақаларида чўлланиш ва қурғоқчилик кузатилаётган ҳудудларни ҳатловдан ўтказиш бўйича Германия халқаро хамкорлик жамияти (GIZ) билан музокаралар олиб борилмоқда.

Семинарда тупроқ деградациясининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлигини ошириш, саноатни ривожлантиришда экологик мувозанатни ҳисобга олиш, ер ресурсларини бошқариш бўйича халқаро лойиҳалар кўламини кенгайтириш, ерларнинг унумдорлигини, экологик тарғибот ишлари таъсирчанлигини ошириш масалалари муҳокама этилиб, тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.