“Дубай” канали тозаланмоқда

“Дубай” канали тозаланмоқда

Жорий йилнинг 7 июнь куни Kun.uz сайтида «Ҳокимликда солярка учун пул йўқ экан». http://cc.uz/161jp   Узундаги сел тошқинлари: аҳолининг кучи, ҳокимликнинг хоҳиши етишмаяпти» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда келтириб ўтилган танқидий фикрлар Аму-Сурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ва Узун тумани ирригация бўлими мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилди.

 

Мақолада тилга олинган “Дубай” каналининг номи аслида “Жончека-1” бўлиб, узунлиги 11 км, сув ўтказиш қуввати 3 м³/с. Муҳофаза зонаси 8 метр.

“Жончека-1” канали бугунги кунда Узун туманидаги Б. Очилдиев сув истеъмолчилари уюшмаси ҳисобида туради. Сув истеъмолчилари уюшмаси ихтиёрий асосда ташкил этиладиган нодавлат нотижорат ташкилоти бўлиб, мазкур ҳудуддаги СИУнинг молиявий аҳволи яхши эмаслиги сабабли, каналда бир неча йиллар давомида тозалаш-таъмирлаш ишлари олиб борилмаган ва ҳатто канални назорат қиладиган мутахассис ҳам йўқ.

2019 йил 3 июнга ўтар кечаси кучли ёғингарчилик туфайли сел-тошқин “Жончека-1” каналига сиғмай, аҳоли томорқаларини босган. Шу вақтнинг ўзида туман ҳокимлиги, ФВБ, ирригация бўлими раҳбарлари ва бошқа тегишли мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ сел-тошқин туфайли етказилган талафотни аниқлаб, зудлик билан бартараф этиш чораларини кўришни бошлаган. Канални ҳашар йўли билан таъмирлаш ва тиклаш учун Аму-Сурхон ИТҲБнинг 1 та бульдозери ва “Узундавсувмахсуспудрат” ДУКнинг 1 та экскаватори жалб қилинган.

 

Шу кунга қадар каналнинг 1,7 км қисми тозаланиб, дамба тузатилди. Таъмирлаш-тиклаш ишларини 20 июнга қадар тўлиқ якунлаш режалаштирилган.

Мақолада тасвири келтирилган канал ичидаги тол ва тераклар олиб ташланди, муҳофаза зонаси ҳудудидаги ноқонуний хўжалик иншоотлари бузилмоқда.

“Жончека-1” каналидаги сув дарвозаси Б.Очилдиев сув истеъмолчилари уюшмаси ҳисобида бўлиб, уни таъмирлаш ҳам уюшманинг вазифасига киради. Ушбу каналдаги “Отчопар-1” насоси эса соз ҳолатда, агарда дарвоза таъмирланадиган бўлса, ундан фойдаланиш мумкин.