“Ер сайёрасида ҳеч ким иқлим ўзгаришидан таъсирланмай қолмайди”

“Ер сайёрасида ҳеч ким иқлим ўзгаришидан таъсирланмай қолмайди”

 

БУТУНЖАҲОН метеорология ташкилоти маълумотига кўра, бугунги кунгача глобал ҳарорат 1880 йилдаги даражадан 1°C га ортган. Ўзбекистонда худди шу давр учун ўртача йиллик ҳаво ҳарорати 1,6°С га кўтарилган.
 
Иқлим ўзгариши натижасида юз бераётган табиий офатлар бутун инсониятни ўйлантираётган энг долзарб муаммолар сирасига кириб, иқлим ўзгариши инсонлар ҳаётига салбий таъсир кўрсатмоқда ва шу боис жаҳон ҳамжамияти томонидан энг глобал таҳдидлардан бири, деб тан олинган.
 
Иқлим атамаси грекча “клима” — қиялик маъносини, ­яъни қуёш нурларининг ерга тушган пайтида оғиш-тушиш қия­лигини англатади. Бу атама ­юнон астрономи Гиппарх (мил.авв.160-125 йиллар) томонидан фанга киритилганлиги маълум.
 
Калифорния университети мутахассиси, тадқиқотчи Эрик Риньонинг таъкидлашича, атмосферада парник газлари ўта кўп миқдорда тўпланиши оқибатида Ер иқлимида 1980 йиллардан кескин ўзгариш бош­ланган. “Ер сайёрасида ҳеч ким иқлим ўзгаришидан таъсирланмай қолмайди”, деган эди БМТ ҳайъати раиси Ражендра Пачаури Йокоҳамада. Дунёнинг 26 мамлакатида тадқиқот ўтказган “Pew Research Center” таҳлилчилари замондошларимизни энг кўп ўйлантираётган, ташвишга солаётган таҳдидларни аниқлашди. “Биринчи рақамли” таҳдид бу глобал иқлим ўзгаришларидир.
 
Ҳавога энг кўп газ чиқарадиган давлатлар
 
Иқлим ўзгариши — глобал исиш даражаси дунёдаги саноат заводлари, транспорт, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларнинг атмосферага чиқараётган газ чиқиндиларига боғлиқдир. Ер юзидаги газ чиқиндиларининг 25 фоизи АҚШдан чиқиши кузатилган.
 
Бугунги кунда дунёда ҳавога энг кўп газ чиқарадиган давлат Хитой бўлиб, у ҳавонинг булғанишига 70 фоиз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
 
Ўзбекистонда ҳам табиатни асраб-­авайлаш, иқлимни яхшилаш борасида йўл қўйилган хатоларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Алоҳида махсус дастур ва лойиҳалар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди. Жумладан, Орол денгизини сув билан тўлдириш, атрофидаги экологик вазиятни ўнглаш, зарарли ва заҳарли воситалардан эҳтиёткорлик билан меъёрида фойдаланиш йўлга қўйилди. Мелиорация ва суғориш, шўр ювиш ва ерларни қуритиш, сунъий ёмғирлатиш тизимлари, тозалаш иншоот­лари ишлари тартибга солинди. Сув омборлари, шаҳарлардаги саноат корхоналари фаолияти такомиллаштирилиб, уларни ва тураржойларни оқилона жойлаштириш, аҳолига қулайликлар яратиш, дарахтзор ва ўрмонзорларни кенгайтириш, булут ва туманни ҳайдаш усулларини қўллаш тадбирлари кучайтирилди.
 
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси “Париж битимини (Париж, 2015 йил 12 декабрь) ратификация қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши Ўзбекистон учун қатор имкониятларни тақдим этди. Хусусан, энергия самарадорлиги ва энергия тежаш бўйича давлат дастурларини ­амалга оширишда иқлимий молиялаштириш ресурслари (асосан, грантлар)ни жалб қилиш, қайта тикланадиган ­энергия манбаларини ривожлантириш, ер-сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш, сал­бий экологик оқибатлар (Орол фожиаси, чўлланиш, қурғоқчилик)га қарши курашиш кабилар шулар жумласидандир.
 
Энг асосийси, Париж битими иқлим ўзгариши, 2020 йилдан атмосферада иссиқлик газлари миқдорини камайтириш юзасидан чора-тадбирларни тартибга солиш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг дастлабки Конвенцияси доирасида қабул қилинган ҳужжат ҳисобланади. Мазкур битим 2015 йил 12 декабрда Парижда бўлиб ўтган Иқлим бўйича конференция чоғида Киото протоколининг ривожи сифатида қабул қилинган. Битимдан кўзланган мақсад БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича дастлабки Конвенцияси “ҳаётга татбиқ ­этилишини фаоллаштириш”, хусусан, ҳароратнинг глобал ўсишини Цельсий шкаласи бўйича ўртача 2°C даражадан паст ҳолатда ушлаб туриш ва ҳарорат ўсиши Цельсий шкаласи бўйича 1,5 даражада чекланиши учун саъй-ҳаракатларни ишга солиш билан изоҳланади.
 
Бир йилда кўрилган зарар
 
2017 йилда иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ табиий офатлар ва фалокатлар оқибатида кўрилган зарар 320 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Бу ҳақда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш БМТнинг Бош Ассамблеяси доирасида иқлим ўзгариши бўйича юқори даражада ўтказилган тадбирда маълум қилиб, “Биз жуда, жуда тез ҳаракат қилмасак, бартараф этиб бўлмайдиган жиддий зарар кўришимиз хавфи мавжуд”, деган эди.
 
Натижада, иқлим ўзгариши, яъни ҳавонинг исиши муаммоси атмосферада иссиқхона газлари миқдорининг ортиб кетиши сабабли юзага келмоқда. Бу эса сайёрамиз аҳолисининг саломатлиги, экотизим, қишлоқ хўжалиги фаолияти ва энг хатарлиси, озиқ-овқат хавфсизлигига бевосита таҳдид солмоқда.
 
Марказий Осиё минтақаси бўйича иқлим ўзгариши муаммосига эътибор берадиган бўлсак, минтақа тоғларидаги музликлар шиддат билан эриб бормоқда. Маълумки, ичимлик сувининг 80 фоизи Помир ва Тяньшан музликларидан келади. Бу музликларнинг глобал ҳаво исиши туфайли ҳаддан зиёд эриб бораётгани, яқин келажакда ичимлик суви тақчиллигига сабаб бўлиши мумкин.
 
Иқлим исиши Марказий Осиё каби денгиздан узоқ, сув захиралари кам, саҳролашиш кучли минтақада ҳам ҳалокатли кечиши мумкин. Тожикистон ҳамда Қирғизистон вакиллари баъзи музликлар 20-30 фоиз эриганини айтишмоқда, бу ­эса айрим экологик муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.
 
Мутахассисларнинг фикрича, иқлим­даги ўзгаришлар дунёнинг барча океан ва қитъаларидаги табиий тизимларда сезиларли ўзгаришларга сабаб бўлаётир. Келгуси ўн йилликдан бошлаб фасллар билан боғлиқ ноодатий жараёнлар бош­ланиши мумкин. Масалан, жуда қаттиқ совуқ ҳукм сурадиган қиш ўрнини бирданига жазирама ёз эгаллаши ҳеч гап эмас. Ҳатто, бир кеча-кундуз оралиғида иссиқ ва совуқ ҳароратнинг алмашинуви тез-тез рўй бериши ҳам мумкин.
 
Тахминларга кўра, 2016 йилдан 2035 йилга қадар сайёрамизда ҳарорат тахминан 0,7 даража, 2081 йилга бориб ­эса, 1986-2005 йиллардаги кўрсаткичга нисбатан қиёслаганда, қарийб 2 даража кўтарилиши мумкин. Натижада, доимий музликларнинг эриш жараёни тезлашиб, океанлар сатҳи юксалади. Хусусан, 2081-2100 йилларда уммон сувлари сатҳи 1986-2010 йиллардагига нисбатан 0,58 дан 0,98 метргача кўтарилади. Бу ­эса, ўз навбатида, тошқинлар кўпайишига, ер кўчкилари ва эрозияга, балиқлар ҳамда қуруқликдаги жонзотларнинг пала-партиш миграциясига сабаб бўлиши мумкин.
 
Шунингдек, иқлим ўзгариши озиқ-овқат хавфсизлигига ҳам салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Ҳисоб-китоблардан келиб чиқиб, 2050 йилга бориб, маккажўхори, гуруч ва буғдой етиштириш ҳажми 25 фоизгача қисқариши башорат қилинмоқда. Ер исиб, офатлар кўпайиши мумкин. Тадқиқотларга кўра, ҳарорат 2°C кўтарилса бу ҳолат иқлимнинг хавфли даражада ўзгаришига олиб келади ва қашшоқ мамлакатларга қаттиқ салбий таъсир қилади.
 
Иқлим ўзгаришида асосий сабаб бўлиб турган манбалар уйларни иситадиган, ёритадиган, машина ва техника ишлайдиган асосий энергия манбаи бўлган қазилма ёқилғи нефть, табиий газ, кўмир ва уран ҳисобланади. Электр энергияси иссиқлик ва бошқа энергия турларини олиш учун нефть, газ, кўмир ёқамиз. Қазилма ёқилғи ишлатилганда ва бошқа ишлаб чиқариш жараёнлари атмосферага углерод қўшоксиди (СО2) метан, азот чала оксиди ва бошқалар чиқарилади. Бу газлар исиган ер юзасидан инфрақизил нурларини фазога чиқармаслик хусусиятига эгадир. Бошқача қилиб айтганда, улар ернинг кўринмас (кўрпага ўраб) иссиқхона самараси ҳосил қилади ва сайёрамиз ҳароратини сақлаб туради. Бу самаранинг мавжудлиги бизнинг сайёрамизни ҳаёт учун ­яроқли қилади. Иссиқхона газларисиз ер ҳозиргидан тахминан 3000°С совуқроқ бўлар эди ва ундаги ҳаёт амалда музлаб қолади. Афсуски, инсон фаолияти жараёнида атмосферага жуда ҳам кўп иссиқхона газлари чиқарилмоқда. Бир кунда дунёда тўққиз миллиард литр нефть ёқилади ва бу кўрсаткич ортиб бормоқда.
 
Тоза ичимлик суви: 2025 йилда бундан қанча одам фойдаланиши мумкин?
 
Ҳозирда Қорақалпоғистон Респуб­ли­касида Орол денгизи тубидаги суви қуриган майдонларда “Яшил қопламалар” — ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш ­ишларига киришилди.
 
Юртбошимиз ғояларига кўра, бугунги кунда Орол денгизи муаммоси ва транс­чегаравий сув ҳавзаларидан фойдаланиш бўйича қўшни мамлакатлар билан ҳамкорликда тегишли чоралар кўрилмаса, бу ҳол минтақа давлатлари учун бир қатор салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.
 
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Ўзбекистон учун иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатлари қуруқ иссиқ мавсум даврийлигининг узайиши, кучли ёғинли кунларнинг кўпайиши ва ёғинларнинг кескин ўзгариши, тоғларда қор захираларининг қисқариши ва музлашнинг дег­радациялашуви, сел хавфининг ортиши, тоғ ён бағридаги ҳудудларда буғ ва парланишнинг кескин ўзгариши, қурғоқчилик ва экстремал камсувлилик такрорийлигининг ортиши, сувга, биринчи навбатда суғориладиган деҳқончиликда, талабнинг ортиши, экстремал ҳодисалар такрорланишининг ортишига олиб келиши мумкин.
 
Фикримизча, буларнинг барчаси учун дунёда бир атама қабул қилинган. Бу ҳам бўлса “мослашиш”. Ўзбекистонда иқлим ўзгаришига мослашиш ўзи нима учун керак? Масалан, ҳозир аҳли башарнинг салкам бешдан икки қисми яшайдиган жойларда тирикликнинг энг асосий омилларидан бири саналмиш тоза ичимлик суви етишмайди. Аҳвол шу зайлда давом этаверса, 2025 йилга бориб инсониятнинг бешдан уч қисми бу бебаҳо неъмат танқислигидан озор чекиши мумкин.
 
Хуллас, Ўзбекистонда иқлим ўзгариш­лари шароитида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, деҳқончиликнинг замонавий тизимини ташкил этиш ва ер ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида:
 
биринчидан, ер ресурсларини бошқаришдаги иқтисодий механизмлар ҳамда ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига қатъий риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш;
 
иккинчидан, ер ҳамда сув ресурсларини барқарор бошқариш тизимини янада мустаҳкамлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга мослашиш;
 
учинчидан, қишлоқ хўжалиги ва ­озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ер ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш борасида “Органик қишлоқ хўжалиги тўғрисида”ги қонун билан биргаликда, балки “Ер тузиш тўғрисида”ги, ”Тупроқ унумдорлиги тўғрисида”ги, “Ер мелиорацияси тўғрисида”ги қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишга ҳам эҳтиёж борлиги сезилмоқда.