“Сув – текин” дегани эскирган гап

“Сув – текин” дегани эскирган гап

Наманган вилоятида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда? Бу борада қандай муаммолар бор ва келгусидаги режалар нималардан иборат?

 

 

ЎзА мухбири Наманган вилояти “Сувоқова” давлат унитар корхонаси директори А.МАМАТОВ билан бу тўғрида суҳбатлашди.

 

 

– Аввало, бугун хонадонларимизда жўмракни бураганда шилдираб оқаётган сув қанча меҳнат ва маблағ эвазига етказиб берилишини унутганларга эслатиб, билмаганларга билдириб қўйиш жоиз, – дейди А.Маматов. – Ваҳоланки, кўпчилик сувдан фойдаланишда ёки истеъмол қилган сувининг ҳақини тўлашда буни ҳисобга олмай, исрофгарчиликка йўл қўяди, қарздор бўлади.

 

 

Ичимлик суви – бу айримлар ўйлаганидек жўнгина тушунча эмас, балки белгиланган санитария меъёрлари ва норматив ҳужжатлар талабига, инсонларнинг истеъмолига ва уларнинг коммунал-маиший эҳтиёжларини қондиришга сифат жиҳатидан тўлиқ жавоб берадиган ҳамда ёнғинларни ўчириш, шунингдек, ичимлик сувини ишлатиш зарур бўлган технологик, ишлаб чиқариш жараёнлари учун мўлжалланган неъматдир.

 

 

Ичимлик суви таъминоти сув манбалари, насос қурилмалари, сув тозалагич иншоотлари, сувни истеъмолчиларга етказиб берувчи тармоқ ва бошқа кўпгина мосламаю қурилмалардан иборат ғоят мураккаб тизим. Унинг манбалари ерости ва ерусти турларига бўлинади. Ерости манбалари – ерусти манбаларидан ва ёмғир, қор сувининг сизишидан ҳосил бўлади. Улар босимли (артезиан) ва босимсиз бўлиши мумкин. Босимсиз ерости сувлари сизот ҳисобланиб, уни ишлатишдан олдин тозалаш зарур. Бугунги кунда корхонамиз томонидан Наманган шаҳри, туманлар маркази ва уларга йўлдош аҳоли пунктлари, йирик магистрал ичимлик суви тармоқлари ўтган ҳудудлардаги истеъмолчиларга ичимлик суви етказиб бериш харажати ойига ўртача 4,7 миллиард сўмни ташкил қилади.

 

 

Президентимизнинг 2017 йил 16 ноябрдаги “Сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2018 йил 1 январдан бошлаб барча гуруҳ истеъмолчиларига сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш 100 фоиз олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга оширилиб, олдиндан ҳақ тўламаган истеъмолчига нисбатан белгиланган тартибда сув таъминоти ва сув чиқариш тизимидан тўлиқ узишгача бўлган чоралар кўриш Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига юклатилди. 2018 йилда ичимлик суви учун 30 миллиард, жорий йилнинг ўтган даврида эса барча турдаги истеъмолчилардан жами 7 миллиард сўмдан зиёд маблағ ундирилди.

 

 

Вилоятимиз бўйича бир кунлик ичимлик суви истеъмоли ўртача 94,8 минг кубметр. Ҳозирги кунда корхона томонидан 1 метр куб тоза ичимлик суви ишлаб чиқариш харажати ўртача 1 минг 154 сўмдан кўпроққа тўғри келса-да, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш мақсадида 1 куб метр ичимлик сувига 1 минг 50 сўм нарх белгиланган. Асосий истеъмолчиларимиз бўлган аҳолига ойига ўртача 2 минг 416 минг куб метрдан зиёд ичимлик суви етказиб берилади. Таннархидан келиб чиқилса, бу 31 миллион сўмдан ортиқдир. Амалда эса аҳолига сув имтиёзли нархда, яъни 28 миллион сўмга берилмоқда. Буни яна соддароқ ифодаласак, дўкондаги қадоқланган 0,5 литр сув ўртача 1000 сўм бўлса, корхонамиз томонидан 1000 литр ичимлик сувини 1 минг 50 сўмдан ёки 0,5 литри 53 тийиндан жўмрак орқали етказиб берилмоқда. Таққосласак: тоза ичимлик суви дўкондаги қадоқланган сувдан ўртача 1 минг 887 баробар арзон. Энди ўзингиз ўйланг, дўкондан 0,5 литр сувни 1000 сўмга олиб ичамиз-у, уйимиздаги жўмраккача етказиб берилган арзон ва бебаҳо неъмат ҳақини ўз вақтида тўлаш, қаҳратонда ҳам, жазирамада ҳам туну кун меҳнат қилаётганлар ҳақини бермаслик учун ҳар хил баҳоналар қидирамиз. Ёз ойларида тоза ичимлик суви тармоғидан турли маҳсулотларни совутишда “музлаткич” сифатида фойдаланиш ҳолатлари ҳам бор. Бу, биринчидан, исроф, иккинчидан, увол! “Пулини тўлаб қўйдим-ку, хоҳлаганимдек сарфлайман”, дейиш мутлақо гумроҳликдир. Айримлар шу илоҳий неъматдан ҳам ўғринча, яъни сув ҳисоблагични бир жўмракка ўрнатиб, иккинчисидан фойдаланади, экинни суғоради. Боз устига, ушбу ўғирланган сувдан суғорилиб, униб чиққан мева-сабзавот билан болаларимизни тап тортмай ризқлантирамиз.

 

 

Шу ўринда истеъмолчиларнинг қарздорлиги ҳақида гапирадиган бўлсак, афсуски, баъзи бепарво истеъмолчилар гўё тўловга доир тушунчани “унутиб” қўйишган. Акс ҳолда, Наманган шаҳар Тўқмоқгузари маҳалласида яшовчи фуқаро А.Р.нинг қарзи 4 миллион 420 минг, фуқаро М.О.нинг қарзи 3 миллион 21 минг, Чаман кўчасида яшовчи яна бир фуқаронинг қарзи 4 миллион 251 минг сўмга етганини қандай тушуниш ёки изоҳлаш мумкин? Рўйхатни яна давом эттириш мумкин. 2-3 миллион сўм ва бундан-да кўп миқдордаги қарздор истеъмолчиларга корхонамизнинг шаҳар ва туман филиаллари томонидан МИБнинг қарздорлик талабномалари тарқатилди. Лекин бунинг ижроси қониқарли бўлмаяпти. Айниқса, Наманган шаҳар “Сувоқова” филиали томонидан берилган талабномалар ижроси кечикмоқда.

 

 

– Ичимлик суви истеъмолини ҳисобга олиш асбобини ўрнатиш, ундан фойдаланиш ҳам долзарб масала бўлиб турибди. Бу борада тизимда амалга оширилаётган ишлар қайси босқичда?

 

 

– Марказий коммунал сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш тизимига уланган ёки уланаётган истеъмолчилар (субистеъмолчилар)га хизмат кўрсатиш ИСКХ ташкилоти томонидан, мажбурий тартибда, сарфланган ва чиқариб юборилган оқова сувни ҳисоблаш учун зарур асбоблар ўрнатилган ҳолда амалга оширилади. Янги истеъмолчиларни ИСКХ ташкилоти томонидан сувни ҳисобга олиш асбобларини ўрнатмасдан коммунал сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш тизимига улаш қатъиян тақиқланади. Ушбу турдаги ишларни олиб бориш учун сувни ҳисобга олиш асбоби “Ўзстандарт” агентлигида аккредитациядан ўтган тегишли органлар томонидан текширилган ва пломбаланган бўлиши, паспортида текшириш сертификати, метрологик аттестациядан ўтказилганлик тўғрисидаги қайдлар бўлиши лозим.

 

 

Совуқ сувни ҳисобга олишнинг мақбул усуллари ва ўлчаш воситаларини танлаш, сувни ҳисобга олиш асбобларини назоратдан ўтказиш ишлари норматив ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилиши керак. Сув ўлчагичдан фойдаланишнинг белгиланган чегарали текширишлараро муддати тугаганда ёки унинг ҳақиқий ҳолати бўйича текширув ўтказишнинг имконияти бўлмаганда ИСКХ ташкилоти ёки ушбу асбобни таъмирлаш ва текшириш ишлари учун рухсатномаси бор, аккредитациядан ўтган тегишли органлар хулосасига кўра уни алмаштириш чора-тадбирлари кўрилади.

 

 

Сувни ҳисобга олиш асбобини текширишлар оралиғи жисмоний шахсларнинг ҳисоблаш асбоби учун 4 йил, юридик шахсларнинг ҳисоблаш асбоби учун 2 йилдир. Босимнинг ўзгарувчан фарқи сарфларини аниқловчи электрон ҳисоблагичлар (дифманометрлар), ультратовушли, электр магнитли, уюрмали ва бошқа турдаги ҳисоблагичлар учун текширишлар оралиғи 1 йилдан иборат.

 

 

Вилоят “Сувоқова” ДУК тизимидаги филиаллар билан шартнома тузган 181 минг 286 абонентдан 153 минг 720 нафар абонент сув ҳисоблагич орқали ичимлик сувидан истеъмол қилади ва ҳисоб-китоб сув ҳисоблагич воситаси кўрсаткичи бўйича амалга ошириб келинмокда. Шунингдек, 9 минг 213 бюджет, 79 бошқа турдаги 4 минг истеъмолчи томонидан сув истеъмоли тўлиқ сув ҳисоблагич орқали амалга оширилади.

 

 

Вилоят аҳолисини ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш мақсадида 2018 йилда жами 454 километрдан зиёд узунликда сув тармоғи ва 7 та сув иншооти қурилди. Республика ва вилоят ишчи гуруҳлари томонидан аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш ишларига маҳаллий бюджетнинг 7 миллиард сўмдан зиёд молиявий кўмаги билан 88 километрдан ортиқ ичимлик суви тармоғи тортилиб, ишга туширилди. Лойиҳа асосидаги ишлар давом эттирилмоқда.

“Сув – текин” дегани эскирган гап

 

Бундан ташқари, “Ўзтекс” корхонаси ҳомийлигида Норин ва Учқўрғон туманларида 30,4 километрлик сув тармоғи тортилди. “Обод қишлоқ” Давлат дастури доирасида қиймати 29 миллиард сўмга тенг лойиҳа асосида 234 километрга яқин масофага сув тармоғи тортилиши натижасида 260 мингдан ортиқ аҳолининг сув таъминоти яхшиланди.

 

 

Президентимизнинг Наманган вилоятига ташрифидан сўнг ҳудуд аҳолиси ичимлик суви таъминотини янада яхшилаш, иншоотларни техник ва технологик жиҳатдан модернизация қилиш бўйича бир қатор лойиҳаларга Халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитларини жалб этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Умумий қиймати 73 миллион доллар бўлган "Наманган вилояти ичимлик суви ва канализация тизимларини модернизация қилиш" лойиҳасининг ўзига Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг 60 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредитини жалб этиш кўзда тутилмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида Наманган шаҳрини ичимлик суви билан таъминловчи 3 та сув олиш ва 10 та сув тақсимлаш иншооти модернизация қилинади. Наманган шаҳридаги хизмат муддати тугаган 55 километр ичимлик суви тармоғи ҳамда Поп туманидаги оқова сувларни тозалаш иншооти реконструкция қилинади. Корхона зарур лаборатория жиҳозлари ва махсус машина-механизмлар билан таъминланади.

 

 

Шунингдек, умумий қиймати 71 миллион долларлик “Заркент, Хадикент, Исковот, Булоқбоши, Ёшлик аҳоли пунктларининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш" лойиҳасига ОПЕК фондининг 54 миллион доллар миқдоридаги имтиёзли кредитини жалб этиш кўзда тутилмоқда. Лойиҳа доирасида қуввати кунига 51,4 минг м3 бўлган “Заркент” ва “Булоқбоши” сув олиш иншоотлари, Янгиқўрғон туманида 3 та сув тақсимлаш иншооти, Наманган шаҳрида 2 та сув тақсимлаш иншооти, 66,7 километр магистрал ва 129,1 километр ички сув тармоқларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари амалга оширилади. Лойиҳа амалга оширилиши натижасида Янгиқўрғон туманидаги 22 та қишлоқ ва Наманган шаҳрининг шимолий қисмида яшовчи аҳолининг ичимлик суви таъминоти даражаси 52 фоиздан 90 фоизга ортади.

 

 

Жаҳон банкининг “Ўрта ва кичик шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш” дастури доирасида Чортоқ шаҳрида ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 12,5 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш, Чортоқ шаҳридаги хизмат муддати тугаган 50 километрлик ичимлик суви тармоқларини реконструкция қилиш белгиланган. Ушбу ишлар натижасида Чортоқ шаҳридаги 58 мингдан ортиқ аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланади.

 

Манба:  http://www.uza.uz/oz/society/suv-tekin-degani-eskirgan-gap-07-05-2019?sphrase_id=3431565