2020-2030 йилларда сув хўжалигини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилмоқда

2020-2030 йилларда сув хўжалигини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилмоқда

Мамлакатимиз Президентининг жорий йил 17 июнда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида республикамизда йиллар давомида сув танқислиги кузатилиши сабабли эгасиз ташлаб қўйилган ва мелиоратив ҳолати ёмонлашуви натижасида фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни босқичма-босқич қайта фойдаланишга киритиш ҳамда ер ости сув захираларидан самарали фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, ирригация тармоқларини реконструкция қилиш орқали сув йўқотилишини камайтиришга катта эътибор қаратилган.

Шу билан бирга, фойдаланишга киритиладиган ер майдонларида давлат-хусусий шериклик доирасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шароит яратиш, бу ишларда салоҳиятли инвесторлар иштирокини таъминлашга катта йўл очиб берилган.

Фармон билан тасдиқланган Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да Сув хўжалиги вазирлигига 16 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва бир қатор тадбирларни амалга ошириш бўйича тўғридан-тўғри ҳамда ушбу ҳужжатнинг 19 та бандида тегишли вазирлик ва идораларга таклифлар киритиш тўғрисида топшириқлар берилган. Жумладан, Сув хўжалиги вазирлигига тўғридан тўғри берилган топшириқларда 4 та Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори, 2 та  Вазирлар Маҳкамаси қарори, 2 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, 8 та комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш белгиланган. 

Фармон ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йил 21 июнда вазирликнинг №122-сонли буйруғи қабул қилинди. Ушбу буйруқ билан берилган топшириқларни амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

 

2019 йилнинг 2 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан  тегишли вазирлик ва идоралар  соҳа мутахассислари иштирокида  кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Унда Президентимизнинг “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни ўз вақтида ва самарали ижро этилиши юзасидан қўмита ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар  олдида турган  муҳим вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Йиғилишда тегишли вазирлик, давлат қўмиталари ва идоралар раҳбарларининг бу борада амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ахборотлари тингланди.

 

Хусусан, Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Б.Рўзибоевнинг таъкидлашича, сув хўжалигини ривожлантириш бўйича бир нечта ўта муҳим стратегик ҳужжатларни ишлаб чиқиш белгиланган. Шулардан бири – “2020-2030 йилларда сув хўжалигини ривожлантириш концепцияси”.

Ушбу концепция лойиҳасини пухта ва сифатли ишлаб чиқиш мақсадида Хитой, Исроил, Германия, Испания, Туркия, Россия каби ўндан ортиқ ривожланган чет давлатларнинг сув хўжалигини бошқариш тизими, сув хўжалиги концепциялари, дастурлари ҳамда сувни бошқариш билан боғлиқ стратегиялари ва шу каби ҳужжатлар атрофлича ўрганиб чиқилди. Мавжуд ҳолатни чуқур таҳлил қилган ҳолда вазирлик томонидан концепциянинг дастлабки лойиҳаси яратилди. Концепция лойиҳаси июль-август ойларида белгиланган тартибда вазирлик ва идоралар билан келишилганидан сўнг Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

 Бундан ташқари, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга ҳам катта эътибор қаратилган бўлиб, сув ресурсларини бошқаришда «Ақлли сув» электрон тизимини жорий қилиш кўламини кенгайтириш назарда тутилган.

Бу борада Кореянинг “Smart Water” (Ақлли сув) тизимига асосланган ахборот тизимини жорий қилиш бўйича Кореянинг халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОИКА)нинг 7,0 млн. АҚШ доллари қийматидаги грант маблағлари ҳисобига республикамиздаги 61 та асосий сув олиш нуқталарига “Smart Water” қурилмасини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, 2022 йилгача ушбу тизимни 400 та сув олиш нуқталарига жорий қилиш бўйича аниқ тадбирларни белгилаш кўзда тутилган.

 

Бугунги замон талаблари ва ривожланган хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларидан келиб чиқиб, “Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги мелиорация ва бошқа сув хўжалиги ишларини бажаришга ихтисослашган давлат унитар корхоналарини мақбуллаштириш ҳамда Сув истеъмолчилари ва сувдан фойдаланувчилар томонидан сув олиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш бўйича ҳам бир қатор қонун ва қарор лойиҳаларини  ишлаб чиқиш белгиланган.

Муҳокамалар давомида Концепция ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни ўз вақтида бажарилишини таъминлаш учун тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, Сув кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш масалаларида ҳамкорлик қилиш бўйича аниқ таклифлар билдирилди.