АЭС қуриладиган ҳудуд яқинидаги кўллар ҳудудлари ижарага берилади

АЭС қуриладиган ҳудуд яқинидаги кўллар ҳудудлари ижарага берилади

Бизнес қилиш учун Айдар-Арнасой кўллар тизимидаги участкалар онлай-аукционга қўйилди. Улар ижарага берилади. Бу ҳақда E-ijro хабар берди.

Айдаркўл, Тузкон, Шарқий Арнасой кўллари балиқчилик ва туризм марказига айлантирилиши кўзда тутилган. 

Бу ҳудудда кўлларнинг биологик хилма-хиллигини сақлаган ҳолда балиқчилик ва туризм маркази яратиш кўзда тутилган. Шу орқали тўғридан-тўғри инвестициялар оқими ҳам таъминланади.

Тизимнинг бўш сув ҳавзалари ижарага берилади. Сайтда бу лотлар учун махсус бўлим очилган. Эълон қўйилиши вақтида 11 та участка савдога қўйилган.

Йиллик ижара нархи 12-13 млн. сўм этиб белгиланган. Айрим лотларнинг қиймати 50 млн. сўмдан зиёдни ташкил этади. Ҳар бир ҳудуднинг майдони(2000 га. атрофида) ва балиқчилик маҳсулодорлиги(кг.да) кўрсатиб ўтилган.

Аризалар 26 августга қадар қабул қилинади, савдолар 28 августга белгиланган.

Келгусида кўллар яқинида балиқ ва балиқчилик маҳсулотлари савдо ярмаркалари ўтказилади. Икки йил давомида кўл ҳудуди махсус транспортлар, катерлар, GPS-навигаторлар, видео кузатувлар учун учувчисиз учар қуриламалар ва бошқа техник воситалар билан таъминланади.   

Қолаверса, кўлларга олиб борувчи автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш, ҳудуд жойлашуви бўйича электрон харитани босқичма-босқич яратиш кўзда тутилган.

Шу йил май ойи охирида Ўзбекистонда АЭС қурилиши учун Айдар-Арнасой кўллар тизимининг Тузкон кўли яқинидаги ҳудуд устувор майдон сифатида танлангани маълум қилинганди.