Андижон, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятларидаги ирригация тизими бошқармалари бошлиқлари учун ўқув-семинари бошланди

Андижон, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятларидаги ирригация тизими бошқармалари бошлиқлари учун ўқув-семинари бошланди

Хабарингиз бор, Сув хўжалиги вазирлиги Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси” билан ҳамкорликда ирригация тизимлари бошқарма бошлиқлари учун малака ошириш курслари  ташкил этилмоқда. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бўлиб ўтаётган навбатдаги машғулотларда Андижон, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ирригация тизими бошқармалари бошлиқлари иштирок этаяпти.

Тадбирнинг очилишида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ректори Ў.Умурзаков ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан сув ресурсларини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш ва сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, соҳада бозор механизмларини кенг жорий этиш, замонавий суғориш технологиялари, жумладан, томчилатиб суғоришни амалиётга кенг қўллаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигини қайд этди.

Тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун моҳияти, янгилик ва ўзгаришлар, соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан атрофлича таништириш мақсадида ташкил этилган мазкур ўқув-семинари иштирокчилари бир ҳафта мобайнида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, соҳага инновацион технологиялар ва илм-фан ютуқларини кенг татбиқ этиш, суғориш суви сарфи ҳисоб-китобини тўғри юритиш, ресурстежамкор замонавий суғориш технологияларидан фойдаланишни кенгайтириш каби муҳим мавзулардаги маърузаларни тинглаши баробарида, жойларда бу борада мавжуд ҳолатни таҳлил қилиб, фаолият самарадорлигини янада ошириш юзасидан ўзаро фикр алмашадилар.