Андижонда томчилатиб суғориш технологиясига ўтувчи фермерлар сони кўпаймоқда

Андижонда томчилатиб суғориш технологиясига ўтувчи фермерлар сони кўпаймоқда

Жорий йилнинг 27 ноябрь куни Андижон вилоятида қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни рағбатлантиришга бағишланган семинар ўтказилди. Тадбир Норин-Қорадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси томонидан ташкил этилди. Унда Андижон вилоятидаги барча сув хўжалиги ташкилотлари раҳбарлари, пахта-тўқимачилик йўналишидаги 4 та кластер ташкилоти ва 90 дан ортиқ фермер хўжаликлари вакиллари ҳамда “APG Global” МЧЖ, “Debyut” МЧЖ, “Омадстарт” МЧЖ каби сув тежовчи технологияларнинг эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқарувчи, лойиҳаловчи ва қурувчи корхоналарнинг мутахассислари иштирок этди.

Семинарда мамлакатимиз Президентининг 2019 йил 25 октябрда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни рағбатлантириш механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4499-сонли қарорининг мазмун-моҳияти, давлатимиз томонидан берилаётган имтиёзлар, хусусан, сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун ажратиладиган субсидиялар миқдори ҳақида иштирокчиларга тушунтиришлар берилди.

Муҳокамалар якунида Президентимиз қарори ижросини таъминлаш юзасидан вилоятда амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.

Пахта-тўқимачилик йўналишидаги кластерлар ва фермер хўжаликлари вакиллари Норин-Қорадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасининг тажриба участкасида ҳам бўлиб, 6 гектар майдонда жорий этилган сув тежовчи технологияларнинг ишлаш жараёни билан танишди. Мутахассислар ушбу технологияларнинг афзалликлари ҳақида гапириб берди ва уларни қандай бошқаришни амалда кўрсатди.

Семинарда қатнашган 4 та кластер ташкилотлари вакиллари 810 га, 28 та фермер хўжалиги раҳбари 890 га пахта майдонида томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатиш истагини билдирди. Уларга мутахассислар технологияларни ишлаб чиқарувчи ва ўрнатувчи корхоналар билан шартномалар тузиш бўйича керакли тавсияларни берди.  

 

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати