Байроғимиз – фахримиз, ғуруримиз!

Байроғимиз – фахримиз, ғуруримиз!

 

Жорий йил 19 ноябрь куни Сув хўжалиги вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан тадбир ўтказилди. Унда вазирлик марказий аппарати ходимлари иштирок этди.

Тадбирда  педагогика фанлари доктори, профессор Нодира Эгамбердиева байроғимизнинг таснифи, мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида гапириб берди.

Миллий байроғимизнинг давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб туриши, турли байрам ва тантаналарда, мамлакатимиз вакиллари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттириши барчамизга ифтихор бағишлайди. Айниқса, халқаро спорт беллашувларида ғалаба қозонган спортчиларимиз шарафига юртимиз байроғи баланд кўтарилган лаҳзаларда ҳар биримиз чексиз ҳаяжонга тушамиз, ҳеч кимдан кам эмаслигимизни ҳис қиламиз.

Байроғимизда юртимизнинг, халқимизнинг обрў-нуфузи юксаклигидан далолат берувчи рамзий тимсоллар мужассам. Шундай экан, ҳар биримиз байроғимизни ҳамиша эъзозлашимиз ва бошимиз узра баланд кўтаришимиз зарур.

Тадбир самимий руҳда ўтди. Байроғимиз ҳақида ўқилган шеърлар барчага манзур бўлди.  

 

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати