Бир туп булғор қалампиридан 15 килограммгача ҳосил олиш мумкин

Бир туп булғор қалампиридан 15 килограммгача ҳосил олиш мумкин

Луғатимизда бободеҳқон деган сўз бор. Шунинг учунми, бизда деҳқончиликни фақат эркакларгина эплайди қабилидаги қараш шаклланган. Аммо мамлакатимизда деҳқончилик ҳадисини олган, ишни дўндирадиган аёллар ҳам талайгина. 

Телевизорда фарғоналик Лолахон Муродова, қашқадарёлик Мадина Сатторова каби омилкор деҳқонлар амалга ошираётган ишларини кўп кўрганмиз. Бугун Навоий вилояти Кармана туманидаги Дўрмон қишлоғида яшайдиган Нодира Жумаеванинг деҳқончиликда эришаётган ишлари ҳақида маълумот бермоқчимиз.

Нодира опа қишлоқда ўзи етиштирган юпқа пўчоқ булғор қалампири ва маҳаллий ҳамда Россиядан келтирилиб, махсус уруғдан экилган картошкалари билан шуҳрат топган. 

–Томорқанинг ҳар қарич еридан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламан. Ҳовлимизда картошканинг уч хилини, помидорнинг икки хилини етиштираяпмиз. Иссиқ хонада авваллари помидор ва бодринг экиб, яхшигина ҳосил олардим, икки йилдан буён юпқа пўчоқ булғор қалампири экаяпман. Ҳосили ёмон эмас. Булғор қалампирининг биз етиштираётган тури кам учрайди. Уруғини ҳам топиш мушкул. Шунинг учун ҳам махсус кўчат етиштирадиган деҳқонлардан тажриба сифатида олиб экдик. Келаси йили ўзимиз ҳам бу уруғдан экиб, деҳқонларга тарқатишни ният қиляпмиз, – деди – Нодира Жумаева. 

photo5375328451038391130.jpg

Мутахассислар айтишича, булғор қалампири сувни унчалик ҳам хушламайди, аммо ер ҳосилдор ва унумли бўлишини хоҳлайди. Шунинг учун ҳам Нодира опа иссиқхонасидаги ўсимликларни алоҳида эътибор билан парваришлайди. Доим ерга ишлов бериб туради.

Нодира опанинг айтишича, булғор қалампирлари ҳосил бера бошлаган. Энди улар қишгача мева тугади. Бир дона ўсимликдан 15 килограммгача ҳосил олиш мумкин. 30-35 дона булғор қалампири 1 килограмм чиқади. 

Қаҳрамонимиз томорқадан унумли фойдаланибгина қолмасдан, ҳовлисида боғ яратиб, товуқ, қуён ва мол-ҳол боқишга ҳам вақт топади. Маҳалла фаоли Шойимқул Бибитовнинг айтишича, қишлоқ аёллари Нодира опадан деҳқончилик сирларини ўрганар, шу туфайли маҳаллада томорқадан самарали фойдаланаётган хонадонлар кўп экан.

Манба: http://cc.uz/161ec