Бўкада ҳайдалган экинлар бўйича дастлабки сабаблар ойдинлашмоқда

Бўкада ҳайдалган экинлар бўйича дастлабки сабаблар ойдинлашмоқда

 

"Даламизга трактор солиб, экинларимизни ҳайдаб ташлаяпти. Биз бу ерга даромад олиш, бола-чақа боқиш, рўзғор тебратиш учун оиламизнинг бор-йўғини тикканмиз. Агар қанча сарф-ҳаражат ва меҳнат эвазига гуркираб ўсаётган экин уволидан ҳам қўрқмасдан ҳайдаб, ерга қориб ташласа қора қозонимизни бир йил қандай ва ниманинг ҳисобига қайнатамиз?"
 
Агентлигимизга Тошкент вилояти Бўка туманидан бир гуруҳ деҳқонлар келиб, 7 гектарда парваришланаётган писта, ерёнғоқ ва тарвуз туман ҳокимлиги, прокуратураси ва ички ишлар органлари масъуллари томонидан бузиб ташлангани, даланинг қолган қисмидаги экинлар ҳам бузилиш арафасида экани ва бу ишлар оқибатида ўнлаб оиланинг ҳаёти издан чиқиб кетиши мумкинлиги юзасидан мурожаат қилди.
 
Хўш, деҳқонлар нима айб иш қилишганки, яшнаб турган даласи ҳайдалмоқда? Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида Бўка туманининг О.Йўлдошев фермерлар уюшмаси ҳудудидаги мазкур далада бўлиб, деҳқонлар билан суҳбатлашдик, вазиятни ўргандик.
 
Ерни ер қилган бизу, эгалари бошқалар
 
Деҳқонларнинг экинлари ҳайдалиш жараёни экин парваришланаётган ер майдони ва унга эгалик ҳуқуқи билан боғлиқ бўлгани учун даставвал дала масаласига ойдинлик киритсак.
 
18.JPG
 
– 2016 йилда 30 гектарлик мана шу далани олиб, сабзавотчиликка ихтисослашган "Шабада нур омад" масъулияти чекланган жамиятини ташкил этдик, – дейди МЧЖ раҳбари Суннат Шертоев. – Суратларда кўриб турганингиз каби ушбу чакалакзорни ер қилгунча анча тер тўкишга тўғри келди. Даставвал, сувсизлик сабаб ташландиқ ҳолга келиб қолган далага сув олиб келиш чорасини кўрдик. Бунинг учун қўшни Оққўрғон туманининг Қайирма қишлоғидан далагача бўлган 3,5 километр масофага электр тармоғи тортиб келдик. Трансформатор ва сув чиқариш учун насос ўрнатдик. Далани ажриқ ва ўтлардан тозалаш учун юзлаб ишчилар ишлатдик. Бу ерни фойдаланса бўладиган ер ҳолатига келтиргунча ўша пайтларда 200 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфладик. Хуллас, ерни ер қилган бизу, эгалари бошқалар.
 
"Шабада нур омад" МЧЖга қарашли бўлган ушбу ер майдони жорий йил январь ойида ўтказилган оптималлаштириш жараёнида туман ҳокимлиги захира фондига олиниб, "Бўка ширин-сут" фермер хўжалигига чорвабоп озуқа – беда, маккажўхори каби экинлар етиштириш учун берилган. Лекин чорвачиликка ихтисослашган "Бўка ширин-сут" фермер хўжалиги раҳбари мазкур ерга эгалик қилишдан бош тортиб, туман ҳокими номига мазкур ер майдонини ҳокимлик захира фондига олишни сўраб, ариза ёзган.
 
Хўш, нега? Ушбу саволга жавоб беришдан аввал "Шабада нур омад" МЧЖга қарашли ернинг қандай қилиб оптималлаштиришга тушиб қолганига изоҳ киритсак.
 
– Лойиҳа бўйича "Шабада нур омад" МЧЖ 2017 йилнинг III чорагида 130 минг долларлик 600 тонна гулкарам экспорт қилиши керак эди, – дейди туман ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Умид Йўлдошев. – Бунинг ўрнига ерни деҳқонларга сотиб келди. Айнан мана шу сабаб, яъни ердан самарасиз ва мақсадсиз фойдалангани учун МЧЖ ери захирага олиниб, чорвачиликни ривожлантириш учун ушбу йўналишдаги фермер хўжалигига берилган.
 
Юқоридаги саволга қайтамиз: фермер нега ерни олишни истамаяпти? Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари ва "Шабада нур омад" МЧЖ раҳбарининг қайд этишича, фермер бу ерни ишлатиши учун сув керак. Сув учун эса ернинг собиқ эгаси бўлмиш МЧЖ билан 3,5 километрга тортилган электр энергияси, трансформатор ва насосни келишиш керак. Табиийки, фермерга бу келишув хўжаликка келиши мумкин бўлган фойдага нисбатан жуда қимматлик қилади. Ушбу воситаларсиз эса ер яна чакалакзор ҳолига қайтиши мумкин. Айнан мана шундай сабаблар туфайли фермер ердан воз кечишга қарор қилган. Аммо, ерни топшириш бўйича ҳокимга ариза бергани билан амалда ер уники. Аҳамият беринг, амалда ер "Бўка ширин-сут" фермер хўжалигига қарашли.
 
Деҳқонлар билан суҳбатимиз чоғида улар ер масаласида "Шабада нур омад" МЧЖ раҳбари билан келишиб ишлаётганини маълум қилди. Қизиқ ҳолат, эътибор беринг, ер МЧЖдан январь ойида туман захира фондига олинган. Деҳқонлар эса март-апрель ойларида МЧЖ раҳбари билан келишиб, экин-тикин ишларини бошлаган. Яна ўша савол, қандай қилиб?
 
– Еримиз оптималлаштириш жараёнида бошқа фермер хўжалигига берилгани ҳақида хабарим йўқ эди, – дейди "Шабада нур омад" МЧЖ раҳбари Суннат Шертоев. – Бу ҳақда менга бирор бир ташкилотдан хат ёки бошқа ҳужжат келмаган. Ҳеч бўлмаганда телефон орқали ҳам хабардор қилишмаган. Хабарим бўлганида меҳнат ва маблағ сарфлаган ерим учун курашар, масъулларга вазиятни тушунтирар эдим. Ахир, орадан бор-йўғи 2 мавсум ўтди ва шу қисқа вақт мобайнида 30 гектарлик ҳайбатли чангалзорни ер қилдик. Табиийки, бунга юқорида айтганимдек, яхшигина маблағ сарфладик. Ер энди ер бўлувди. Биз ҳам шунга тайёрланиб, экспорт бўйича йирик лойиҳаларни режалаштиргандик. Агар ҳали ҳам имконият берилса, ташландиқ ерни обод қилганимиз каби сабзавот етиштириш ва экспорт қилишда ҳам юзимизни ёруғ қиламиз.
 
Оптималлаштириш жараёнида МЧЖга қарашли ер майдонининг ҳеч қандай огоҳлантириш ёки хабарсиз олиб қўйилиши юзасидан туман ҳокимининг биринчи ўринбосарига юзландик.
 
– Жорий йил 9 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг оптималлаштириш жараёни бўйича тегишли қарори қабул қилинган бўлса, 30 январгача бўлган қисқа вақт ичида тумандаги 1 минг 100 та фермер хўжалиги ушбу жараёнга қамраб олинди, – дейди туман ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Умид Йўлдошев. – Табиийки, бундай тиғиз вазиятда камчиликлар бўлиб туради. Жумладан, "Шабада нур омад" МЧЖга ери туман захира фондига олингани бўйича хабар қилинмаган.
 
78.JPG
 
75.JPG
 
 
Манба:  http://cc.uz/1619n