Даласига сув тежовчи технологияларни ўрнатиш истагида бўлган фермерларга керакли тавсиялар берилди

Даласига сув тежовчи технологияларни ўрнатиш истагида бўлган фермерларга керакли тавсиялар берилди

Жорий йилнинг 30 ноябрь куни Гулистон шаҳрида қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни рағбатлантиришга бағишланган семинар ўтказилди. Қуйи-Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбирда вилоятдаги барча сув хўжалиги ташкилотлари раҳбарлари, 2 та пахта тўқимачилик кластери ва 30 дан ортиқ фермер хўжаликлари вакиллари ҳамда сув тежовчи технологияларнинг эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқарувчи, лойиҳаловчи ва қурувчи корхоналарнинг мутахассислари иштирок этди.

Семинарда мамлакатимиз Президентининг 2019 йил 25 октябрда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни рағбатлантириш механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4499-сонли қарорининг мазмун-моҳияти, давлатимиз томонидан берилаётган имтиёзлар, хусусан, сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун ажратиладиган субсидиялар миқдори ҳақида иштирокчиларга тушунтиришлар берилди.

Сирдарё туманида фаолият юритаётган “PengSheng” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси иш бошқарувчиси Б.Ахмедов пахта майдонида томчилатиб суғориш технологияси ўрнатиш бўйича ўз тажрибасини гапириб берди. Таъкидланишича, қўшма корхонанинг 140 гектар пахта майдонида 2019 йилда томчилатиб суғориш тизими жорий этилиши натижасида сув ресурслари сарфи 50 фоизга, минерал ўғитлар 40 фоизга ва ёқилғи-мойлаш материаллари 60 фоизга тежалган, ҳосилдорлик ўтган йилгидан ошиб, юқори самарадорликка эришилган.

Семинарда мутахассислар иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди. Келгусида йилда ўз даласига сув тежовчи технологияларни ўрнатиш истагида бўлган фермерларга керакли тавсиялар берилди.

 

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати