Экоҳаракат бажарилган ишлар юзасидан ҳисобот берди

Экоҳаракат бажарилган ишлар юзасидан ҳисобот берди

Пойтахтимиздаги Марказий боғда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг кўчма кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Экологик ҳаракати ва унинг депутатлар гуруҳи томонидан 2018 йил ва жорий йил биринчи чорагида амалга оширилган ишлар ҳисоботи тақдим этилди.
 
Комиссия йиғилишида Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Экологик ҳаракати фаоллари, экология ва тиббиёт соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари, журналистлар иштирок этди.
 
Йиғилишни Парламент комиссияси раиси А.Саидов олиб борди.
 
Ҳисобот даврида Ўзбекистон Экологик ҳаракати ва унинг депутатлар гуруҳи томонидан атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳаларини тартибга солувчи миллий қонунчиликни такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди. Хусусан, қонунчилик ташаббуслари тартибида саккизта янги қонун лойиҳаси тайёрланди. Депутатлар томонидан битта янги қонун ҳамда амалдаги қонунларни такомиллаштириш бўйича еттита қонун лойиҳаси, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида узлуксиз экологик таълим-тарбия концепциясининг лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Жамоатчиликнинг янги қонунлар ҳақидаги фикрини билиш мақсадида “Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг “Экологик экспертиза тўғрисида”ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Экологик кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди.
 
Шу билан бирга экологик таълим-тарбия тизимини ривожлантириш, аҳолини юртимизнинг табиий хилма-хиллигини муҳофаза қилишга жалб қилишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
 
Фақатгина 2018 йил ва 2019 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон Экологик ҳаракати томонидан 2300 дан зиёд амалий ва таҳлилий тадбирлар амалга оширилган. Уларда давлат ва жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва таълим муассасаларининг қарийб 6 миллионга яқин фаоллари, кўнгиллилари ва мутахассислари иштирок этди. Мамлакатимизнинг турли вилоятларида ифлосланган атроф-муҳитнинг инсон саломатлигига таъсири ва уни бартараф этиш чоралари, аҳолининг экологик маданияти, ҳудудларнинг экологик ва санитар ҳолатини яхшилаш каби муҳим масалаларга бағишланган қарийб 370 га яқин тадбирлар ўтказилган. Ушбу тадбирларда атроф-муҳит муҳофазасига ёшларни кенг жалб қилиш масаласига алоҳида урғу берилган.
 
Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг жамоатчилик инспекторлари ва вакилларини ўқитиш мақсадида Ўзбекистоннинг барча вилоятларидаги корхоналарда махсус семинарлар ташкил этилган. Уларнинг иштирокчиларига ишлаб чиқариш объектлари ва аҳоли пунктлари ҳудудларида жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш бўйича услубий қўлланмалар тарқатилган. Экоҳаракатнинг тўққиз минг нафар жамоатчилик инспектори ва 593 нафар вакилларини ўқитиш якунлари бўйича уларга тегишли гувоҳномалар берилган.
 
Бу вақт давомида хорижий ва халқаро экологик ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантиришга оид ишлар давом эттирилган. Бу борада Экоҳаракат томонидан 70 та тадбир ташкил этилган. Хусусан, ўтган йилнинг 7-8 июнь кунлари Тошкентда Экоҳаракат ҳамда халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорликда Орол фожеаси оқибатларини камайтириш бўйича биргаликда ҳаракат қилишга бағишланган халқаро анжуман ўтказилди. Анжуманнинг биринчи иш кунида иштирокчилар Оролбўйи ҳудудида бўлди. Бу ерда улар экологик вазият билан танишиб, маҳаллий аҳоли, давлат органлари ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан учрашувлар ўтказди.
 
Анжуманда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Илмий ва техник ҳамкорлик бўйича доимий қўмитаси билан ўзаро англашув ва ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди. Анжуман якунида қатор таклифлар маъқулланди ва “Тошкент резолюцияси” қабул қилинди.
 
Бундан ташқари, 2018 йилнинг 27 ноябрь куни Экоҳаракат вакиллари БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида бўлиб ўтган Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фонди тақдимотида иштирок этди. Ушбу ҳужжатнинг асосий мақсади минтақани ривожлантириш учун техник ва молиявий ресурсларни сафарбар қилишдан иборатдир.
 
Йиғилишда кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.