Ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама этилди

Ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама этилди

Жорий йилнинг 20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси, Сув хўжалиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари томонидан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида “Қишлоқ ва сув хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш: муаммолар ва уларнинг ечими” мавзусида илмий-амалий анжуман ташкил этилди. Унда қўмита аъзолари, алоқадор вазирлик ва идоралар мутасаддилари, профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этди.

 

Анжуманда Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Б.Тожиев ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, соҳага инновацион технологияларни кенг жалб қилиш, қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ва сифатли ҳосил етиштириш орқали халқимиз дастурхони тўкинлигини таъминлаш борасида изчил ва салмоқли ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июнда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларнинг янги босқичини бошлаб берганлиги билан аҳамиятлидир. Мазкур ҳужжатда республикамизда йиллар давомида мелиоратив ҳолати ёмонлашуви туфайли фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни босқичма-босқич қайта фойдаланишга киритиш, бунда ресурстежамкор технологияларни амалиётга кенг жорий этиш, бу ишларда салоҳиятли инвесторлар иштирокини таъминлаш билан боғлиқ қатор вазифалар белгилаб берилган.

 

Анжуманда мамлакатимизда қишлоқ ва сув хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама этилиб, бу борадаги устувор вазифалар ва уларни амалга оширишнинг аниқ йўналишлари белгилаб олинди.