Европа иттифоқи Орол муаммоларини бартараф этиш учун 5 млн евро ажратади

Европа иттифоқи Орол муаммоларини бартараф этиш учун 5 млн евро ажратади

Европа иттифоқи Орол ва Оролбўйи ҳудудини инновацияларни жалб қилган ҳолда ривожлантириш мақсадида 5 миллион евро миқдорида маблағ ажратади. Бу ҳақида Европа иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси миссия раҳбари ўринбосари Жусси Нарви “Орол денгизи ҳавзасидаги қишлоқ хўжалиги ва экология муаммоларини инвестиция ва инновациялар учун имкониятларга айлантириш” мавзусидаги форумда маълум қилди.

“Орол денгизи билан боғлиқ ҳолат фақатгина экологик нуқтаи назардан муаммо туғдириб қолмайди. Бу ўша ҳудудда яшайдиган аҳолининг турмуш шароитига ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда. Шунинг учун мен Оролдаги вазиятни биринчи навбатда инсонийлик нуқтаи назаридан муаммо деб биламан. Аҳолининг яхши турмуш кечириши учун бирламчи базавий шароитларни яратиш керак”, ─ дейди Жусси Нарви.

Миссия раҳбари ўринбосарининг қайд этишича, ЕИ томонидан ажратилаётган маблағлар бешта йўналишда йўналтирилади:

─ сифатли ва ўз вақтидаги тиббий хизмат ҳамда ичишга яроқли сув таъминотини йўлга қўйиш орқали аҳоли саломатлиги хавфсизлиги ҳақида қайғуриш;
─ аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, хусусан, алоҳида ишлашни талаб қиладиган гуруҳ ─  болалар ва ўсмирларга эътибор қаратиш;
─  экологик омиллар билан боғлиқ ҳолда вужудга келган стрессли вазиятни юмшатиш;
─  аҳолининг даромадини ошириш, иш ўринлари билан таъминлаш масаласини ҳал этиш;
─ бошқа манбаларни жалб қилган ҳолда Орол муаммосини биргаликда ҳал қилишга эришиш.