Фарғонада сув тежовчи технологияларни жорий этишни мавзусида семинар ўтказилди

Фарғонада сув тежовчи технологияларни жорий этишни мавзусида семинар ўтказилди

Жорий йилнинг 26 ноябрь куни Фарғона шаҳрида қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни рағбатлантиришга бағишланган семинар ўтказилди. Сирдарё-Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбирда Фарғона вилоятидаги барча сув хўжалиги ташкилотлари раҳбарлари, 4 та пахта тўқимачилик кластери ва 120 дан ортиқ фермер хўжаликлари вакиллари ҳамда “MIRAS AGROWORLD” МЧЖ, “Tomosha agro export” МЧЖ, “Demetra water servis” МЧЖ, “Омадстарт” МЧЖ каби сув тежовчи технологияларнинг эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқарувчи, лойиҳаловчи ва қурувчи корхоналарнинг мутахассислари иштирок этди.

Семинарда мамлакатимиз Президентининг 2019 йил 25 октябрда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни рағбатлантириш механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4499-сонли қарорининг мазмун-моҳияти, давлатимиз томонидан берилаётган имтиёзлар, хусусан, сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун ажратиладиган субсидиялар миқдори ҳақида иштирокчиларга тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, пахта тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари вакиллари Сирдарё-Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармасининг тажриба участкасида 8 гектар майдонда жорий этилган сув тежовчи технологияларнинг ишлаш жараёни билан танишди. Мутахассислар ушбу технологияларнинг афзалликлари ҳақида гапириб берди ва уларни қандай бошқаришни амалда кўрсатди. Келгуси йилда ўз даласида шундай технологияларни ўрнатиш истагида бўлган фермерларга керакли тавсиялар берилди.

Тадбир якунида Президентимиз қарори ижросини таъминлаш юзасидан вилоятда амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, 2 та пахта тўқимачилик кластери билан 190 га, 60 та фермер хўжалиги билан 1489 га пахта майдонида томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича шартномалар расмийлаштирилди.

 

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати