Фермер хўжаликлари ҳам қўшимча қиймат солиғи тўлайди

Фермер хўжаликлари ҳам қўшимча қиймат солиғи тўлайди

Жорий йилнинг 1 октябридан йил давомида 1 миллиард сўмдан ортиқ пул айланмаси ёки 50 гектардан ортиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонига эга бўлган ягона ер солиғи тўловчилари учун қўшилган қиймат солиғи тўлаш тартиби белгиланди.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳияти, қўшимча қиймат солиғи тўлаш бўйича белгиланган тартиб, унинг аҳамияти, афзалликлари хусусида Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида кенг кўламли тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда.


Хўжаобод туманида ўтказилган ана шу мавзудаги тадбирда фермер хўжаликлари раҳбарлари, ҳисобчилари, тадбиркорлар иштирок этди.


Мутахассислар томонидан қишлоқ хўжалиги соҳаси вакилларига қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олиш ҳамда унинг “айланиш” механизми орқали хўжаликлар кўрадиган фойда, миллий иқтисодиётимизнинг ўсиш жараёнлари аниқ мисоллар ёрдамида кўрсатиб берилди.


Айни пайтда Хўжаобод туманида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилаётган қатор фермер хўжаликлари фаолият юритмоқда. Фармондан келиб чиқиб, экспортга йўналтирилган маҳсулотларни етиштириш учун кетган хом ашё таркибидаги қўшилган қиймат солиғи суммаси ишлаб чиқарувчи, яъни фермерга қайтариб берилиши, шунингдек, фермер хўжаликларга 2018 йилнинг 1 октябридан илгари бўлмаган даврдаги пахта хом ашёсини етиштириш учун ишлатилган товарлар (иш, хизматлар) учун тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи берилгани фермер хўжаликларининг реал даромадлари ортишига имкон бериши таъкидланди.


– Солиқ идоралари мутахассислари билан бўлган мулоқот қўшилган қиймат солиғи ҳақидаги тушунчаларимизни янада кенгайтирди, – дейди Хўжаобод туманидаги “Азим Туркистон сарҳади” фермер хўжалиги раҳбари Баҳриддин Бозоров. – Аслида ушбу солиқ тўлови нафақат қулай, балки хўжаликлар иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги ривожида муҳим аҳамият касб этишини тушундим. Шу боис, бундан буён қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтишга аҳд қилдик.


Мулоқот иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.

 

Манба: http://uza.uz/oz/society/fermer-kh-zhaliklari-am-shimcha-iymat-soli-i-t-laydi-14-09-2019