Ғўза етиштиришда томчилатиб суғориш тизимини жорий қилишни кенгайтиришнинг устувор йўналишлари белгиланди

Ғўза етиштиришда томчилатиб суғориш тизимини жорий қилишни кенгайтиришнинг устувор йўналишлари белгиланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Пахта хомашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш тизимини кенг жорий қилиш учун қулай шароит яратиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Президент қарорига кўра, сув ресурсларидан самарали ва тежамли фойдаланиш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш, қишлоқ хўжалиги экинларининг, айниқса ғўза ҳосилдорлигини ошириш, шу асосда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш мақсадида:

Қуйидагилар ғўза етиштиришда томчилатиб суғориш тизимини жорий қилишни янада кенгайтиришнинг устувор йўналишлари этиб белгиланмоқда:

ғўза етиштиришда томчилатиб суғориш тизимини жорий қилиш бўйича лойиҳани амалга оширувчи пахта хомашёси ишлаб чиқарувчиларига давлат томонидан кўмак кўрсатишнинг таъсирли тизимини жорий қилиш, томчилатиб суғориш тизими ва унинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчиларини рағбатлантириш механизмини такомиллаштириш;

мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, томчилатиб суғориш орқали ғўза етиштириш соҳасида инновацион ғоялар, илмий-тадқиқот ишланмалари, замонавий технологиялар ва илмий ютуқларни кенг жорий қилиш;

республика ҳудудларининг тупроқ-иқлим ва бошқа шароитларини ҳисобга олган ҳолда томчилатиб суғориш технологиясини қўллаш учун илмий-амалий ва услубий асосларини шакллантириш;

томчилатиб суғориш технологиясидан фойдаланган ҳолда пахта етиштиришда фойдаланиладиган қишлоқ хўжалиги техникаси, машина ва механизмлари, шунингдек минерал ўғитлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш;

сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш ва ундан фойдаланиш бўйича мутахассис кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш.

Манба: "ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СУВ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРЛИГИ" расмий веб-сайти (www.water.gov.uz).