ҲОСИЛДОРЛИК ОШИШИ КАФОЛАТЛАНАДИ

ҲОСИЛДОРЛИК ОШИШИ КАФОЛАТЛАНАДИ

Ўзбекистон Республкаси Президентининг 2018 йил 27 декабрдаги “Пахта хомашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида“ги қарори юртимиз деҳқонлари тез-тез дуч келиб турадиган муаммолардан бири – сув танқислиги оқибатларини юмшатишга ҳисса қўшиши шубҳасиз. Шу билан бирга, бугун дунёнинг кўпгина давлатлари муваффақият билан фойдаланаётган бу усул кенг лалмикор ерлардан (бундай майдонлар эса, бизнинг юртимизда ҳам анча-мунча) унумли ва самарали фойдаланиш имкониятини яратмоқда. Жиззах вилоятида жорий йилда синов тариқасида 479 гектар майдондаги пахтани айнан томчилатиш усулида суғориш режалаштирилган. Бу усулни қўллаш учун воҳанинг пахта етиштирувчи 7 та туманининг барчасидан 2 тадан 4 тагача фермер хўжаликлари сараланди. Шунингдек Шароф Рашидов туманида рўйҳатдан ўтган масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Жиззах индустриал тўқима” пахта-тўқимачилик кластери пахтакорлари ҳам 116 гектар майдондаги экинни ана шу илғор инновационусулда парваришлашни кўзлаб туришибди.
- Жорий йилда томчилатиб суғориш технологияси билан жиҳозланадиган майдонлар учун тижорат банклари томонидан 6 ярим миллиард сўмликдан ортиқ кредитлар ажратилди, - дейди Жиззах вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси мутахассиси Дилшод Омонов. – Ушбу технологияни келтириб ўрнатишни Хитой ва Туркия давлатлари мутахассислари ўз зиммаларига олишмоқда.
Маълумки, ҳудудлардаги ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари, Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги корхона-ташкилотлар томчилатиб суғориш тизимларини ишлаб чиқарувчи, лойиҳаловчи, қурувчи корхоналар рўйхатини шакллантириш, намунавий лойиҳалар ишлаб чиқиш, қуриш, сервис хизмат кўрсатувчи пудрат гуруҳлари ташкил қилиш бўйича ишларни амалга оширмоқда. Жумладан, бугун “Жиззах пластмасса” АЖ жамоаси ҳам томчилатиб суғориш технологияси ускуналари ва бутловчи қисмларини ишлаб чиқармоқда.
Фориш республикамизнинг ҳудуд жиҳатидан катта туманларидан бири. Шу билан бирга ушбу ҳудуднинг аксарият қисми лалмикор ерлар. Президентимиз шу йилнинг 30-31 январь кунлари Жиззах вилоятига бўлган ташрифи давомида туманга ташриф буюриб, Форишнинг табиий ва иқлимий имкониятларидан унумли фойдаланиш зарурлигини таъкидлади. Бугун туман раҳбарияти суғоришнинг тежамкор усуллари – томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий этиш ҳақида бош қотирмоқда. Туманнинг 4 та чорвачилик фермери ёмғирлатиб суғориш усулида лалми ерда озуқабоп экин экиш ташвишида. Демак, яқин келажакда илғор усуллар ёрдамида минглаб гектар лалми ерларда донғи бутун Ўзбекистонга кетган Фориш узумини етиштириш, майизларини кўпайтириш имконияти пайдо бўлса, ажаб эмас! Арнасой туманидаги “Толлой она” фермер хўжалиги жамоаси ҳам бу йил 20 гектар майдондаги пахтани томчилатиб суғориш ниятида. – Еримиз охирги “қулоқ”да. Ғўзаларимиз йилига бир марта сув ичса ичади, бўлмаса йўқ. Шунда ҳам 25 центнердан кам ҳосил олмаганмиз,” – дейди фермер Суннат Мавлонов. Яқинда туркиялик мутахассислар ушбу фермер даласида бўлиб, ҳисоб-китоб ишларини олиб боришди. Уларнинг хулосаси шундай: Бу ерларда томчилатиб суғориш технологияси, барча талаблар асосида жорий этилса, ҳар гектаридан 50 центнердан ҳосил кўтариш ҳеч гап эмас. 

Х. КАРИМОВ, ўз мухбиримиз.