Ҳудудларда ғалла ўрим-йиғими мавсумига қандай ҳозирлик кўрилди?

Ҳудудларда ғалла ўрим-йиғими мавсумига қандай ҳозирлик кўрилди?

Ўрим-йиғим мавсуми бошлангани муносабати билан Хоразм вилояти Янгибозор тумандаги “Жўрабек-қумобод” фермер хўжалиги далаларида кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

Унда жорий йилда вилоятда ғалла ўрим-йиғимига тайёргарлик кўриш, жумладан, ҳудудий “ғалла штаблари”, туман ишчи гуруҳлари ва ғалла ўрим-йиғим отрядларини ташкил этиш, дон қабул қилиш шохобчаларини мавсумга тайёрлаш, комбайнлар учун эҳтиёт қисимлар захирасини яратиш ва бошқа ташкилий тадбирлар ўз самарасини бераётганлиги таъкидланди.

Вилоят миришкорлари жорий йилда 33 минг 200 гектар майдонда ғалла етиштирди. Об-ҳавонинг ноқулай келишига қарамай, агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали ташкил этилгани мўл ҳосил олишга муҳим омил бўлаётир.

Айни пайтда тўлиқ пишиб етилган ғалла ҳосилини юқори унумдор комбайнлар ёрдамида қисқа фурсатларда ўриб-янчиб олиб, қабул масканларига етказиш мақсадида вилоятнинг барча ҳудудларида сифатли техника ва ишчи кучи жалб этилган ҳолда 101 та махсус отрядлар ташкил этилди.

Вилоят бўйича 396 та ғалла ўриш комбайнлари, 468 та юк автомобили, 869 та трактор тиркамалари, 156 та кўчма устахоналари, 156 та ёқилғи-мойлаш материалларини ташиш агрегатлари хизмат қилиши режалаштирилган.

Семинарда ғалла парваришида йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳам қайд этилди. Келгусида бу камчиликларни такрорламаслик, имкон даражасида бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.

Деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларига ҳамда бошоқли дон экинларидан бўшайдиган майдонларга такрорий экинлар экиш ишлари аҳволини ўрганиш, аниқланган муаммоларни жойида бартараф этиш мақсадида ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи ҳам ушбу тадбирда иштирок этиб, мавжуд комбайн ва техникалардан самарали фойдаланиш, ёқилғи-мойлаш материаллари билан таъминлаш, комбайн операторлари ва ишчи-мутахассисларга қулай шароит яратиш борасида ўз тавсияларини берди.

Семинарда Хоразм вилояти ҳокими Ф.Эрманов иштирок этди. Тошкент вилоятида ҳам жорий йилги ғалла ўрим-йиғими мавсумига пухта ҳозирлик кўрилди.

Вилоят ғаллазорларида жорий мавсум ғалла ҳосили пишиб етилди. Эндиликда ғаллани нест-нобуд қилмай ўриб олиш, ҳосилни турли офатлардан авайлаш, дон қабул қилиш пунктларига етказиш бўйича тизимли иш олиб бориш зарур.

Шу муносабат билан Бекобод туманидаги “Акмалжон-Атхамжон“ фермер хўжалиги даласида ғалла ҳосилини йиғиштириб олиш бўйича амалий семинар бўлиб ўтди. Тегишли мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, дон қабул қилиш корхоналари масъуллари, сектор раҳбарлари иштирок этган мазкур йиғилишда кекса деҳқонлардан фотиҳа олиниб, “Ғалла-2019“ кампаниясига старт берилди.  

Семинарда ҳосилни йиғиб олиш ҳудудларида кичик отрядлар ташкил қилиш йўли билан умумий кўзланган мақсадга – вилоят бўйича жами 664 минг 620 тонналик улкан хирмон кўтаришга ўз вақтида эришиш вазифаси муҳокама қилинди.

Тадбирда Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Рустам Холматов иштирок этди.

Манба:  http://cc.uz/161gd