Ҳукумат қарори: Ўзбекистонда ғалла бўйича ўрим-йиғим отрядлари тузилади

Ҳукумат қарори: Ўзбекистонда ғалла бўйича ўрим-йиғим отрядлари тузилади

Ҳукумат қарори билан Қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан етиштирилган бошоқли дон экинлари ҳосилдорлиги ва ялпи ҳосилини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги телеграм канали хабар бермоқда.
 
Низомга мувофиқ, туман ҳокими қарори билан ғалла йиғимини ташкил этиш ҳамда бошоқли дон ялпи ҳосили ва ҳосилдорлигини аниқлаш мақсадида ўрим-йиғим отрядлари тузилади.
 
Отрядга бириктирилган ғалла ўриш комбайни ёрдамида ўрилган дон алоҳида дон ташиш техникасига тўкиб тўлдирилади ва дон қабул қилиш шохобчасига юборилади, топширилган дон миқдори дон ташиш техникасини тўлдириш учун тўкилган бункер сонига бўлинади ва ўртача бир бункер дон оғирлиги аниқланади. Ялпи ҳосил миқдори ҳар бир қишлоқ хўжалиги корхонаси томонидан ғалла экилган майдон тўлиқ ўриб олингандан сўнг аниқланади.
 
Ғалла тўлиқ ўриб олинмагунча комбайнларнинг фермер даласидан чиқиб кетишига йўл қўйилмайди.
 
Ўрим-йиғим бошланишидан олдин 41 центнер ва ундан юқори ҳосил тўплаш ҳақида хулоса берилган корхоналарга дастлабки босқичда топширилган дон қийматининг 100 фоизи миқдорида ҳисоб-китоб қилинади.
 
Қолган корхоналар учун эса 85 фоизи миқдорида ҳисоб-китоб қилинади.
 
Ҳисоб-китоб қилишда ҳосилдорлик 41 центнер ва ундан юқори бўлганда устама, 40 центнердан кам бўлганида эса чегирма қўлланилади.  

 

Манба   https://kun.uz/news/2019/04/29/hukumat-qarori-ozbekistonda-galla-boyicha-orim-yigim-otryadlari-tuziladi