Иқлим ўзгариши юртимиз деҳқончилигига қай жиҳатдан таъсир этади?

Иқлим ўзгариши юртимиз деҳқончилигига қай жиҳатдан таъсир этади?

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази билан Яшил иқлим жамғармаси ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. 
 
Марказ бош директорининг биринчи ўринбосари Б.Нишоновнинг маълум қилишича, сўнгги йилларда дунё миқёсида иқлимнинг сезиларли ўзгариши қайд этилмоқда. Бу деҳқончиликка катта таъсир кўрсатади ва ерга ишлов бериш самарадорлигини ошириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, экологик мувозанатга эришишни таъминловчи янги технологияларни ишлаб чиқиш ва қўллашни талаб этади.
 
Мазкур муаммо Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Мамлакатимизда иқлим ўзгариши ўтган асрнинг ўрталаридан бошлаб кузатилган ва ҳар ўн йилда ҳаво ҳарорати ўртача 0,29 даражага кўтариляпти.
 
Ҳаракатлар стратегияда глобал иқлим ўзгариши ва Орол денгизи қуришининг салбий оқибатларини юмшатиш бўйича изчил чоралар қабул қилиш кўзда тутилган. Ўзбекистон ҳам 170 давлат қаторида Париж битимини ратификация қилиб, зарарли чиқинди газларни камайтириш, иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилиш мажбуриятларини ўз зиммасига олди.
 
Ҳозирги кунда мамлакатимизда глобал иқлим ўзгаришини келтириб чиқарувчи муаммоларни ўрганиш билан бевосита ёки билвосита банд бўлган кўплаб ташкилотлар ва кўнгиллилар фаолият юритмоқда. Афсуски, юртимизнинг иқлим ўзгаришига ҳимоясиз бўлган вилоятлари учун муҳим бўлган лойиҳаларни амалга ошириш учун маблағ ва ресурслар етарли эмас. Бу масалада уларга Яшил иқлим жамғармаси ёрдам беради.
 
Ушбу ташкилот иқлим ўзгариши билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга йўналтирилган ноёб глобал ташаббусдир. Яшил иқлим жамғармаси томонидан молиялаштириладиган лойиҳалар нафақат иқлим ўзгаришини бартараф этиш, балки уларнинг оқибатларига мослашишга йўналтирилган.
 
“Ўзбекистонни Яшил иқлим жамғармаси ресурсларидан фойдаланишга тайёрлаш дастури” лойиҳаси доирасида мамлакатимизда глобал иқлим ўзгаришига мослашишга қаратилган ғоя ва таклифларни тайёрлаш, келгусида уларни Яшил иқлим ўзгариш жамғармасига топшириш ишлари амалга оширилмоқда.
 
Масалан, лойиҳанинг идоралараро ишчи гуруҳи 20 дан ортиқ ғояни кўриб чиқди. Шундан энг долзарб ва истиқболли бўлган ўнтаси танлаб олинди. Ҳозирги кунда Яшил иқлим жамғармасига топшириш учун учта лойиҳа тайёрланган. Улар миллий мослашув режаси, қишлоқ хўжалигини агрометеорологик таъминлаш ва иқлимга боғлиқ бўлган табиий офатлар хавфини камайтиришга йўналтирилган. Бундан ташқари, мамлакатимизда ушбу жамғармани таништирадиган ташкилотларни аккредитация қилиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилмоқда.
 
Юртимизда ишлаб чиқилган лойиҳалар учун Яшил иқлим жамғармасидан жалб қилинган маблағлар мамлакатимизнинг сайёрамиз миқёсида юз бераётган глобал иқлим ўзгаришларига тайёргарлик кўришига ёрдам беради.
 
Тадбир якунида Яшил иқлим жамғармасига лойиҳаларни топшириш жараёнида ҳисобга олиниши лозим бўлган мезонларга оид маълумот тақдим этилди.
 
Манба:  http://cc.uz/1619p