Иссиқхоналар учун мўлжалланган сабзавот ва полиз экинларининг селекцияси кенгайтирилади.

Иссиқхоналар учун мўлжалланган сабзавот ва полиз экинларининг селекцияси кенгайтирилади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, мамлакатимизда суғориладиган экин майдонлари чегаралангани туфайли эндиликда ялпи маҳсулотни фақат ҳосилдорликни кўтариш ҳисобига амалга оширилади.

Бунинг учун суғориладиган ерларда сабзавотлардан гектарига 30-32 тонна, полиздан 30-35 тоннадан ҳосил олиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Ҳосилдорликни ошириш қўлланилаётган навларнинг биологик потенциалидан тўла фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини ва навдор уруғчиликни яхшилаш деҳқончилик маданиятида илмий асосланган технологияларни жорий этиш ҳисобига бўлади.

Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтида ўтказилган “Республикада сабзавот, полиз экинларини етиштириш истиқболлари, муаммолари ва ечимлари” мавзусидаги республика илмий-амалий анжуманида ҳам бу борадаги кўплаб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Уруғчиликни ривожлантириш маркази мутахассислари, халқаро экспертлар, соҳа олимлари, Тошкент давлат аграр университети профессор-ўқитувчилари ва магистрлари иштирок этди.

Анжуманда асосий эътибор мамлакатимизда сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик бўйича олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари, уларнинг самарадорлиги, соҳадаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш масалаларига қаратилди. Шунингдек, иссиқхоналар учун мўлжалланган сабзавот ва полиз экинларининг селекцияси, уруғчилиги ҳамда етиштиришнинг замонавий ресурс тежамкор технологияларини ишлаб чиқиш борасида мутахассислар маърузалари тингланди. Билдирилган таклиф ва хулосалар асосида соҳани ривожлантириш истиқболлари учун хар томонлама таҳлилий таклифлар ишлаб чиқилди.

Ўтган вақт давомида Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчиликдаги жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида тизимли ишлар амалга оширилди. Жумладан, мамлакатимизда сабзавот ва полиз экинларининг 32 тури бўйича селекция ишларини олиб борилган. Соҳа олимлари саъй-ҳаракатлари билан 200 дан ортиқ нав, иссиқхона ва очиқ майдонлар учун помидор, бодринг, ширин қалампир, бақлажон, тарвузнинг бир қатор “F1” дурагайлари яратилди. Улар Давлат реестрига киритилди.

Тадбирда мутахассислар селекциянинг янги усулларини қўллаган ҳолда юқори ҳосилдор, қурғоқчилик, шўрланиш ва касалликларга чидамли, мевасининг сифати юқори бўлган навлар яратиш борасида кўплаб таклифларни билдирди.

Манба: http://cc.uz/161gs