Катта Фарғона каналида қурилаётган кичик ГЭСлар каскади качон ишга тушади?

Катта Фарғона каналида қурилаётган кичик ГЭСлар каскади качон ишга тушади?

Бугунги кунда “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан бир вақтнинг ўзида республикамизнинг турли вилоятларида 22 та инвестициявий лойиҳалар асосида ГЭСлар қурилиши ва мавжудларини модернернизация қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хабар берганимиздек, жамият томонидан “Туябўғиз” кичик ГЭСи фойдаланишга топширилган бўлса, эндиликда Наманган вилояти Учқўрғон тумани Катта Фарғона каналида барпо этилган кичик ГЭСлар каскади ишлаш учун шай ҳолатга келтирилди. Бу ҳақда “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан оммавий ахборот воситалари учун ташкил этилган пресс-турда маълумот берилди.
Унга кўра, 2017-2019 йилларда Наманган вилоятининг Учқўрғон туманидан оқиб ўтувчи Катта Фарғона каналида умумий қуввати 12 МВтга эга бўлган кичик ГЭСлар каскадини қуриш вазифаси белгиланган. Катта Фарғона канали юртимиздаги йирик сув магистралларидан бири ҳисобланади. Каналдаги кичик ГЭСлар каскадининг ишга тушурилиши натижасида Наманган вилоятида йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини 72,89 млн. кВт.с га оширишга эришилади. Бу эса, 48 минг хонадонни ёки вилоятнинг Учқўрғон туманини узлуксиз экологик тоза ва қайта тикланувчи электр энергияси билан тўлиқ таъминлаш имконини беради.
Лойиҳанинг умумий қиймати 31 млн. АҚШ долларига тенг бўлиб, унинг 22,3 млн. АҚШ долларига тенг қисми “Ўзбекгидроэнерго” АЖ, қолган қисми эса Хитой Халқ Республикасининг “Эксимбанки” ҳисобидан қопланади. Ушбу сарф-харажатлар 8,5 йил давомида тўла қопланиши кутилмоқда.

 

 


Лойиҳанинг умумий техник иқтисодий асослари “Гидропроект” АЖ томонидан ишлаб чиқилган, қурилиш ишларининг бош пудратчиси сифатида “TO‘PALANG HPD BUILDING” унитар корхонаси белгиланган. Қурилиш ишлари 2017 йил июнь ойида бошланган бўлиб, мазкур жараёнга 60дан ортиқ махсус техника ва йирик машиналар жалб қилинди.
Лойиҳанинг монтаж ва созлаш ишларида ҳамкор ташкилотлардан “Андижон ГЭС”, “Махсусгидроэнергомонтаж”, Андижонгидроэнергомонтаж”, “Ўзбекгидроэнергоқурилиш” корхоналари фаол иштирок этмоқда.
Ҳозирги кунда кичик ГЭСлар каскадига сув борувчи каналнинг икки қирғоғига 3 минг тупдан зиёд мевали, 1000 тупдан зиёд манзарали дарахтлар экилиб, мазкур ҳудуд тобора ободонлаштирилмоқда. Айни пайтда ГЭСда охирги монтаж-созлаш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур ГЭСнинг расмий очилиш маросими яқин кунлар ичида амалга оширилади.