Катта Фарғона магистрал канали номи «Усмон Юсупов номли Катта Фарғона канали»га ўзгартирилади

Катта Фарғона магистрал канали номи «Усмон Юсупов номли Катта Фарғона канали»га ўзгартирилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Катта Фарғона каналининг “80 йиллиги” байрам тадбирини кўтаринки руҳда ўтказиш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, Фарғона водийсининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга, қишлоқ хўжалиги экин майдонларини суғоришда асосий ўрин тутувчи Катта Фарғона каналининг қурилганлигига бу йил 80 йил тўлмоқда.

Cобиқ Ўзбекистон ССР Коммунистик партияси Марказий кенгаши котиби Усмон Юсуповнинг 1939 йил 3 июндаги 896-сонли қарори Катта Фарғона каналининг қурилишига асос бўлган.

Катта Фарғона канали қурилиши 1939 йилнинг августь ойида бошланиб, халқ ҳашар йўли билан 45 кунда 270 километр узунликда бунёд этилган.

Ўзбек халқининг матонати билан қисқа муддатда 18 миллион кубометр ҳажмда тупроқ қазиш ишлари бажарилиб, 450 донадан ортиқ сув иншоотлари ва 38 дона кўприклар қуриб битказилган.

Умумхалқ ҳашарида Ўзбекистоннинг 200 минг нафардан зиёд аҳолиси билан бирга қўшни Қирғизистон ва Тожикистон Республикаларининг ҳам кўплаб аҳолиси камарбаста бўлган.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлигининг Катта Фарғона каналининг “80 йиллиги” байрам тадбирини кўтаринки руҳда ўтказиш бўйича билдирган таклифлари маъқулланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги соҳасида хизмат кўрсатган ирригаторларнинг Катта Фарғона магистрал канали номини “Усмон Юсупов номли Катта Фарғона канали”га ўзгартириш бўйича билдирган таклифига розилик берилади.

 

Манба:  http://cc.uz/162g7  

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги:

Фарғона вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Катта Фарғона каналининг тўртинчи бўлими Риштон тумани ҳудудида Усмон Юсупов бюстини ўрнатиш;

Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда байрамда иштирок этадиган қўшни республика вакилларини кутиб олиш, уларни ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўради.   
   
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда Катта Фарғона каналининг “80 йиллиги” байрам тадбирида қўшни Қирғизистон ва Тожикистон Республикалари вакиллари иштирокини таъминлайдилар.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Катта Фарғона каналининг “80 йиллиги” байрам тадбирида республиканинг таниқли санъаткорлари, сўз усталари иштирок этишини таъминлайди.

Белгиланишича, байрам тадбирини ўтказиш харажатлари Фарғона вилояти маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан тенг улушларда амалга оширилади.

Мазкур ҳужжат бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Ваҳобов зиммасига юклатилади.