Мелиоратив экспедициялар ва “Сувқурилишинвест” ДУК раҳбарлари малака оширмоқда

Мелиоратив экспедициялар ва “Сувқурилишинвест” ДУК раҳбарлари малака оширмоқда

Сув хўжалиги вазирлиги томонидан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида ўтказилаётган малака ошириш ўқув курсларининг навбатдаги машғулотларига вазирлик тизимидаги мелиоратив экспедициялар ва “Сувқурилишинвест” давлат унитар корхоналари раҳбарлари таклиф этилди.

Республикамизда 4,3 миллион гектар суғориладиган майдоннинг қарийб 1,9 миллион гектари (45,8 фоиз) турли даражада шўрланган. Шундан, 1,3 миллион гектари (31,6 фоиз) кам, 522,4 минг гектари (12,1 фоиз) ўрта ва 87,7 минг гектари (2,1 фоиз) кучли шўрланган ерлар жумласига киради.

Суғориладиган майдонларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаб бориш ва ер ости сизот сувлари сатҳини меъёр даражасида ушлаб туриш учун 143 минг километр узунликдаги коллектор-дренаж тармоқлари, 3475 дона вертикал дренаж қудуқлари, 301 дона мелиоратив насос станциялар, 27394 дона кузатув қудуқлари ишлаб турибди.

2019 йилда мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларига 355,3 миллиард сўм капитал маблағ ажратилган бўлиб, 1 ноябрь ҳолатига 312,6 миллиард сўм ёки йиллик режага нисбатан 88 фоиз, таъмирлаш-тиклаш ишларига ажратилган 289,7 млрд. сўмдан эса 96 фоиз маблағ ўзлаштирилди. Бу ишлар натижасида жами 303 минг гектар суғориладиган майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланиши кутилмоқда.

Бир ҳафталик малака ошириш курси давомида иштирокчилар республикамиз сув хўжалиги тизимини янада ривожлантириш, мелиорация, суғориладиган ерларнинг сув таъминотини яхшилаш, сув хўжалиги объектларини қуриш, реконструкция қилиш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ишлаш ҳамда соҳага доир турли мавзуларда маърузалар тинглайди.

Эслатиб ўтамиз, малака ошириш ўқув курслари “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси” билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати