Наманганда бўлиб ўтган семинарда АҚШнинг пульсар суғориш тизими афзалликларига бағишланган тақдимот ўтказилди

Наманганда бўлиб ўтган семинарда АҚШнинг пульсар суғориш тизими афзалликларига бағишланган тақдимот ўтказилди

Сув хўжалиги вазирлиги томонидан мамлакатимиз Президентининг 2019 йил 25 октябрда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни рағбатлантириш механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4499-сонли қарорининг мазмун-моҳиятини тушунтириш ва ижросини таъминлаш юзасидан вазифаларни белгилаб олиш бўйича жойларда семинарлар ўтказилмоқда. Семинарларда бу борада давлатимиз томонидан тақдим этилаётган имтиёзлар, хусусан, сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун ажратиладиган субсидиялар миқдори ҳақида иштирокчиларга маълумот берилаяпти.

Ана шундай тадбирлардан навбатдагиси 2019 йил 28 ноябрь куни Наманган шаҳрида бўлиб ўтди. Унда Норин-Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси,  вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси, ҳудудлардаги сув хўжалиги ташкилотлари, 2020 йилда сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича манзилли дастурга киритилган 200 дан ортиқ фермер хўжаликлари ва агрокластерлар раҳбарлари иштирок этди.

Семинарда АҚШнинг “Silverleafe BMB Agro Trade Group” компанияси президенти Даниэл Паттерсон замонавий суғориш технологиялари, хусусан, пульсар суғориш тизимининг афзалликларига бағишлаб тақдимот ўтказди. Шунингдек, республикамизнинг “GREEN AGRO” МЧЖ, “AGROFLAST MONTAJ SERVIS” МЧЖ, “ЭКО Дрип”, “Агро Дрип”, “Омад Старт” каби пудратчи ташкилотлари мутахассислари фермер хўжаликлари ва агрокластерлар раҳбарларига ўз имкониятлари ва томчилатиб суғориш технологияларини ўрнатиш шартлари ҳақида гапириб беришди.  

2020 йилда Наманган вилоятида жами 3660 гектар майдонда сув тежовчи технологиялар, шундан 3150 гектар майдонда томчилатиб, 160 гектарда ёмғирлатиб суғориш, 350 гектарда эса пульсар суғориш технологияларини жорий этиш юзасидан пудратчи ташкилотлар вакиллари билан музокаралар ўтказилди.

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати