Навоий вилоятининг Қизилтапа туманида февраль ойида экилган қовунлар Россияга экспорт қилинмоқда

Навоий вилоятининг Қизилтапа туманида февраль ойида экилган қовунлар Россияга экспорт қилинмоқда

Навоий вилоятининг айрим туманларида аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишган республика ишчи гуруҳи ер эгалари билан мулоқот қилди. Уларни қийнаётган масалаларни ҳал қилиш чораларини кўрди.

Ишчи гуруҳ Қизилтепа тумани Кулолон маҳалласи 122-хонадонда ҳам бўлди. Фарҳод Раҳимов 12 сотихлик томорқасида 3 та иссиқхона ташкил этган. 100 туп цитрус мевали дарахт кўчатлари, 5 минг 400 туп “Вашингтон пальмаси” ва сабзавот етиштириб, томорқасидан йилига камида 50 миллион соф фойда кўрмоқда.

– 2006 йилда эккан цитрус кўчатлардан йилига 1,5 тонна ҳосил олиб, бозорга чиқаряпман, – дейди Фарҳод Раҳимов. – Пальмани эса донасига 2,5 минг сўмдан бериб, ташкилотлар ўзи уйдан олиб кетишяпти. Бундан ташқари помидор оралатиб яна янги лимон кўчатлари экканмиз. Лимонлар ҳосилга киргунга қадар помидор етилаверади. Помидор тугаши билан, ўрнига кечки бодринг қадаймиз. Шу ҳолатда ердан уч марта фойдаланамиз. Ҳовлимизда кўриб турганингиздек, 15-16 хил мева, сабзавот ва полиз экинлари ва бир неча хил гул навлари бор. Оддий атиргулларимиздан келадиган даромадимиз ҳам йилига 1-1,5 миллион сўмни ташкил этади.

photo5449560917730765725.jpg

“Кулолон” маҳалла фуқаролар йиғинида 521 хонадоннинг 37 гектар томорқа ери бор. Маҳалла деҳқонлари “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойили асосида асосан, бутун туманга помидор ва булғор қалампири етиштириб беради. Масалан, Фарҳод Раҳимовнинг отаси уста деҳқон бўлган экан. 10 фарзанднинг барига деҳқончилик сирларини ўргатган. Ака-укалар ҳаммаси томорқа билан шуғулланишади.

Туманнинг Оқмачит маҳалласи “Адиз бобо” фермер хўжалиги. Халқаро кредит линиясидан 4 миллион долларлик лойиҳа асосида кредит олиб, 10 гектар ерга иссиқхона ташкил қилган. 15 февралда уруғи қадалган қовунлар Россия Федерациясига илк экспортидаёқ 32 минг доллар миқдори даромад келтирди.

– Ҳар бир қовун донасини 3 доллардан жами 20 тонна экспортга топширдик, – дейди фермер хўжалиги раиси Шуҳрат Шарипов. – Бундан ташқари, маҳаллий бозорларимизга ҳам чиқармоқдамиз. Йил охиригача 150 тонна қовун етиштириб, шундан 100 тоннасини экспорт қилишни мўлжаллаганмиз. Қовун палагининг ораларига лимон кўчатларини ҳам экдик. Лимон кўчатлари дарахт бўлгунга қадар қовуннинг ўзидан иссиқхона учун кетган маблағ бемалол қопланиб, фойдасини ҳам кўрамиз.

10 бош қорамолни 100 бошга етказган Азизобод маҳалласи “Хонзурин” кўчасида яшовчи Рустам Сиддиқов 2013 йилда 26 миллион сўм кредит олиб тадбиркорлик бошлаган эди. Бугун бу ишбилармон йилига гўшт ва сут маҳсулотлари ортидан 50 миллион сўм даромад кўради.

photo5449560917730765728.jpg

– Асосан, бозорларга гўшт маҳсулоти етказиб берамиз, – дейди Рустам Сиддиқов. – Бир ойда ўртача 5 тонна гўшт етиштирамиз. Бундан ташқари, соғин сигирлардан ҳар куни 80-100 литр сут ҳам оламиз. Бизнинг маҳаллада 80 фоиз аҳоли чорва билан шуғулланади. Қолган 20 фоизи ана шу чорвадорларни ем-хашак билан таъминлайди. Биргина бизнинг ўзимиз ойига 50-60 тонна ем сотиб оламиз. Ўз-ўзидан чорва тадбиркорлиги ортидан савдо-сотиқнинг бу тури ҳам ривожланмоқда.

Оқработ маҳалласи, Сарой кўчаси 25-хонадон соҳиблари сўнгги беш йилликда оқава сув танқислигидан азият чекиб келар эди. “Томорқа хизмати” МЧЖ томонидан 3 йил муддатга 6 ойлик имтиёзи билан 8 фоизлик кредит асосида тик қудуқ ўрнатилиб, хонадон катта бир боғга айлантирилган. 30 туп анор, 20 туп узум, 80 туп олма ва нок дарахтлари айни мевага кирган.

Қизилтепанинг февраль ойида экилган қовунлари Россияга экспорт қилинмоқда

– Асли деҳқон фарзандлари бўлганимиз боис, томорқа қилишга иштиёқимиз бору шароитимиз йўқ эди, – дейди хонадон соҳибаси Норгул Равшанова. – Экинларимиз қуриб, ер қақшаб кетган эди. Мана ҳовлимизга сув келиб, 12 сотихлик томорқамиз боғу бўстонга айланди.

Чиндан ҳам Қизилтепа туманининг айрим қишлоқлари аҳоли оқава сув танқислигидан азият чекиб келаётгани бир муаммо эди. Лекин кейинги йилларда бу масала ҳам босқичма босқич ечим топмоқда.

Қизилтепа туманининг Тошработ ҳудудидаги Сарой, Қалъаи Азизон, Оқработ маҳаллари сув масаласида жуда қийналаётган эди. Тик қудуқлар аҳолига 1,5-4 миллион сўмга қуриб берилмоқда. Банклардан ажратилаётган имтиёзли кредитлар фуқароларимизнинг жонига оро кирди. Оқработ маҳалласининг ўзида 19 хонадон, 3 та маҳалладан 62 хонадон сув билан таъминланди. Сув 50 метр чуқурликдан ҳам сувни бемалол тортиб бермоқда. Кечагина қуриб-қақшаётган томорқаларни кўриб, увушган кўнгил бугун уларнинг гуллаб-яшнаётганидан яйради.

Манба: http://cc.uz/161ev