Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги муҳим воқеалар

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги муҳим воқеалар

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси ўтказган йиғилишда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг жорий йил биринчи чоракдаги фаолияти кўриб чиқилди.


Тошкент вилояти Ангрен шаҳридаги 24-умумтаълим мактаби, Пискент туманидаги 4-болалар поликлиникаси, Келес шаҳридаги туғруқхона комплекси, Бўстонлиқ туманидаги 2-умумтаълим мактаби, Чирчиқ шаҳридаги 22, 18 ва 10-умумтаълим мактаблари ҳамда Бухоро шаҳридаги 4-умумтаълим мактаби локал қозонхоналарида модернизация ва реконструкция ишлари олиб борилаётганлиги ҳақида маълумот берилди.


Йиғилишда очиқ тизим кўринишида иссиқлик энергияси билан таъминлашнинг самарасизлиги, иссиқлик қозонлари ва улар фойдали иш коэффицентининг пастлиги, иссиқлик энергиясини етказиб беришда нормадан юқори йўқотишлар мавжудлиги танқид қилинди.


Таъкидланишича, аксарият ҳудудлардаги ичимлик суви иншоотларида жиҳозлар маънан ва жисмонан эскирган. Ичимлик суви иншоотларини таъмирлаш зарур. Шу билан бирга республикада аҳолини марказлаштирилган ичимлик суви билан таъминлаш талаб даражасида эмас. Шунингдек, истеъмолчиларнинг сув ўлчаш асбоблари билан етарли даражада таъминланмаганлиги, хусусан, аҳолининг 42 фоизи ўлчаш асбоблари билан қамраб олинмаганлиги, сув таъминоти иншоотларида сув ҳисоблагич асбоблари ўрнатилмаганлиги айтилди.


Эшитувда халқ вакиллари томонидан бугунги кунда соҳадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янгилаш, уларни жаҳон стандартлари талаблари билан уйғунлаштириш каби масалалар ўртага ташланди. Соҳада тизимли муаммоларни ҳал этишда сув таъминоти ва канализация иншоотлари, жумладан, қишлоқ жойларда маҳаллий тозалаш иншоотларини давлат-хусусий шериклик асосида хусусий сектор компанияларига бошқариш ва сақлашга бериш зарурлиги таъкидланди. Бу борада яқинда қабул қилинган “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонун муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.


Бухоро ва Тошкент вилоятларида 8 та қозонхона ва 6,79 километр иссиқлик тармоқларини фойдаланишга топшириш вазифаси бажарилмаганлиги аниқланиб, уни қисқа муддатда сифатли бажариш чорасини кўриш лозимлиги айтилди.


* * *


Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан жисмоний тарбия ва спорт вазирининг мамлакатимизда спортнинг оммавийлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ва уларнинг натижалари (муаммо ва ечимлар) тўғрисидаги ахбороти эшитилди.


Ташкил этилган спорт ҳафталиклари доирасида республика бўйича 11 мингдан зиёд оммавий спорт мусобақаси ўтказилган. Мазкур тадбирларда 2 миллионга яқин аҳоли иштирок этган.


Тизимдаги спорт муассасаларида 1 минг 492 та тренерга эҳтиёж мавжудлиги, шундан 570 таси чекка ҳамда олис тоғли ҳудудларда жойлашган муассасаларга тўғри келиши, фаолият кўрсатаётган 11 минг 197 нафар тренернинг 5 минг 991 нафари ўрта махсус маълумотга эга эканлигига эътибор қаратилди.


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 апрелдаги “Тренерлик фаолияти билан шуғулланишга рухсат бериш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ тренерлик фаолияти билан шуғулланишга рухсат олиш учун мурожаатлар Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилиниши эслатиб ўтилди.


Оммавий жисмоний тарбия машқларини бажаришни тарғиб қилиш мақсадида оммавий ахборот воситалари, интернет тармоқлари, айниқса, телевидение орқали кунига 3 марта 3-5 дақиқадан иборат оммавий бадантарбия машғулотларини тарғиб қилишга қаратилган видеороликлар намойиши йўлга қўйилган.


Умумтаълим мактабларида ташкил этилган спорт тўгараклари сони 38 минг 554 тани, уларга жалб этиладиган ўқувчилар сони 1 миллион 161 минг 779 нафарни ташкил этаётир.


Шу билан бирга, йиғилишда спортнинг оммавийлигини таъминлаш борасида имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётганлигига эътибор қаратилди.


* * *


Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасида сув хўжалиги вазирининг Ўзбекистонда сувни тежовчи технологиялардан фойдаланиш борасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ахбороти эшитилди.


Қайд этилганидек, сувни тежаш бўйича маълумотларни онлайн режимида узатиш тизимини яратиш бўйича, жаҳон тажрибалари ўрганилган ва Кореянинг “Smart Water” ахборот тизими маъқулланиб, КОИКА халқаро ҳамкорлик агентлигининг 7 миллион АҚШ доллари қийматидаги грант маблағлари жалб этилган. 61 та нуқтага “ақлли сув” қурилмаларини ўрнатиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган.


Шунингдек, вазир ахборотида жорий йилда 30 минг гектар, шу жумладан, 12 минг гектар пахта майдонларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш режалаштирилгани, бу ишларни жадаллаштириш ва ҳар йили маҳаллийлаштириш орқали 2-3 баробарга кўпайтириб бориш талаб этилиши келтирилди.


Жорий йилнинг биринчи ярмида ирригация объектларида 756 миллиард сўмлик, мелиорация объектларида 209 миллиард сўмлик қурилиш ва реконструкция ишлари бажарилган.


Депутатлар мамлакатимизда сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва ундан самарали фойдаланиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар, камчилик ва муаммолар, уларни ҳал этиш юзасидан мутасадди вазирлик ҳамда идоралар олдида турган муҳим вазифалар, шунингдек, сув ва сувдан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

 

Манба:  http://cc.uz/161nf