Оқсув ва Шаҳрихонсой дарё ҳавзаларида сув ресурсларини мукаммал бошқариш тамойиллари тадбиқ қилинмоқда.

Оқсув ва Шаҳрихонсой дарё ҳавзаларида сув ресурсларини мукаммал бошқариш тамойиллари тадбиқ қилинмоқда.

Жорий йилнинг 5–6 ноябрь кунлари пойтахтимизда Андижон вилоятидаги Шаҳрихонсой ва Қашқадарё вилоятидаги Оқсув дарёларини бошқариш бўйича ҳавзавий режаларнинг тақдимоти ҳамда ушбу дарё ҳавзаларининг  жорий ҳолатини таҳлил қилиш масалаларига бағишланган семинар ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ва Марказий Осиё минтақавий экологик марказининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Сув ресурсларини бошқариш халқаро институти (IWMI) ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда сув хўжалиги тизим ташкилотлари вакиллари, бир қатор маҳаллий ва хорижий мутахассислар, экспертлар иштирок этди.

Тадбирда сув ресурсларини бошқариш тизимига ҳавзавий бошқариш тамойилларини тадбиқ қилиш, бошқарув жараёнида ҳавзадаги барча манфаатдор томонларнинг фикрини инобатга олиш ҳамда сувдан самарали фойдаланиш мақсадида замонавий ГИС ва масофадан бошқариш технологияларини амалиётга жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги қайд этилди.

Бу борада Европа Иттифоқи томонидан  молиялаштирилаётган  “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида сув ресурсларини барқарор бошқариш” дастурининг 1-компоненти доирасида Германия ҳалқаро ҳамкорлик жамияти бошчилигида  Андижон, Қашқадарё, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида амалга оширилаётган ишларда халқаро тажрибалар муҳим роль ўйнамоқда.

Лойиҳа давомида Шаҳрихонсой ва Оқсув дарёлари ҳавзаларининг жорий ҳолатини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳи фаолият олиб борди. Шунингдек, сув ресурсларини бошқариш халқаро институти ҳодимлари томонидан ушбу дарё ҳавзаларининг жорий ҳолати таҳлил қилинди ва ГИС хариталари асосида ҳавза атласи ишлаб чиқилди.  

Олинган натижалар асосида 2020-2025 йилларда амалга оширилиши кўзда тутилган дарё ҳавзасини бошқариш режаси ишлаб чиқилди.

Матбуот хизмати