Ўқувчилар сувга чўкаётган икки нафар ёш болани қутқариб қолди

Ўқувчилар сувга чўкаётган икки нафар ёш болани қутқариб қолди

Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманидаги 20-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчилари Достон Турсунов ва Адҳам Душабоев сувга чўкаётган икки нафар ёш болани қутқариб қолди.

Гагарин шаҳри ёнидан оқиб ўтувчи Катта Мирзачўл каналига чўкиб кетаётган икки болани кўриб қолган Достон ва Адҳам уларни қутқаришга шошилди. Достон иккиланиб ўтирмасдан сувга сакраб, болаларнинг аввал бирини қирғоққа олиб чиқди ва иккинчиси учун яна каналга тушди. Бу пайтда Адҳам хушидан кетган биринчи болага суъний нафас олдириб, ўзига келтирди. Кейин иккинчисига ҳам шундай ёрдам кўрсатилди.

Ушбу фавқулодда вазиятда мактаб ўқувчиларининг сузишни, биринчи тиббий ёрдам кўрсатишни билишлари, энг муҳими, зарур пайтда жасурлик кўрсатгани туфайли бир оиланинг икки фарзанди – Ержар маҳалласида яшовчи кичиги 7, каттаси 9 ёшда бўлган Камол ва Жалол Азизовларнинг ҳаёти сақлаб қолинди.

Болаларнинг ҳаётини сақлаб қолган жасур ўқувчиларга Азизовларнинг ота-онаси, мактаб маъмурияти, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси, маҳалла фуқаролар йиғини миннатдорчилик билдирди.

Ёз мавсумида очиқ сув ҳавзаларида чўмиладиганларнинг асосий қисмини болалар ва ёшлар ташкил этади. Қишлоқ жойларда оммавий чўмилиш учун жиҳозланган махсус сув ҳавзалари йўқлиги боис мавжуд ариқ, анҳор, кўл ва каналлардан фойдаланиш оддий ҳолга айланган. Болаларнинг ўзбошимча ҳаракати, катталарнинг бепарволиги юқоридаги каби кўнгилсиз ҳодисаларга сабаб бўлади.

Юқоридаги ходиса сабаби айнан шундай – эътиборсизлик. Фақат бахтли тасодиф туфайли уларнинг ҳаёти қутқариб қолинди. 

Бахтсиз ходисаларнинг олдини олиш бўйича фавқулодда вазиятлар хизмати ходимлари мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари билан биргаликда аҳоли ўртасида тушунтириш, огоҳлантириш ишларини кучайтирмоқда. Ёржар маҳалласида юз берган ҳодиса барча фуқаролар йиғинларда муҳокама қилиниб, ота-оналар эътибори болаларнинг бўш вақтларини хатарсиз ўтказиш, сув ҳавзалари атрофида хавфсизлик чораларини кучайтиришга қаратилаётир.

Манба: http://cc.uz/161d3