Орол денгизининг суви қуриган тубида «Яшил қопламалар» барпо этиш давом эттирилади

Орол денгизининг суви қуриган тубида «Яшил қопламалар» барпо этиш давом эттирилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Орол денгизининг суви қуриган ҳудудларида “Яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорлари барпо этишни жадаллаштириш ҳамда Мўйноқ шаҳрини кўкаламзорлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Орол денгизининг суви қуриган тубида “Яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорлари барпо этишни давом эттириш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси (Абдуллаев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши (Сариев) ҳамда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси (Бакиров) билан биргаликда Орол денгизининг суви қуриган ҳудудини хатловдан ўтказади, бунда:

тупроқ типларини ва шўрланиш даражасини ўрганилишига алоҳида эътибор қаратилади;

2019-2020 йилларда “Яшил қопламалар” барпо этиладиган майдонларни аниқлайди ва харитасини ишлаб чиқади;

2019-2020 йилларда “Яшил қопламалар” барпо этиладиган ер майдонларини доимий фойдаланиш учун давлат ўрмон фондига ўтказиб берилишини таъминлайди.

“Яшил қопламалар” барпо этиш учун истисно тариқасида:

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимидаги ўрмон хўжалиги органлари — буюртмачи ва пудратчи этиб;

“Ўрмонлойиҳа” давлат унитар корхонаси — бош лойиҳачи этиб белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси:

а) “Яшил қопламалар” барпо этиладиган ҳудудларни ўрмон хўжаликларининг имкониятидан келиб чиқиб бириктирилишини, “Яшил қопламалар” амалга ошириладиган ҳудудларда ҳимоя ўрмонзорлари ўз муддатида ва сифатли барпо этилиши назорат қилинишини таъминлайди;

“Яшил қопламалар” барпо этиладиган ўрмон хўжаликлари ходимларига Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва унинг тизимига кирувчи ташкилотлар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартибига асосан белгиланган тартибда компенсация харажатлари тўланиши назарда тутилишини таъминлайди;

б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан биргаликда Орол денгизининг суви қуриган ҳудудида 2019 йилнинг куз-қиш ва 2020 йил давомида жами 700 минг гектар майдонда “Яшил қопламалар” барпо этилишини ташкил этади;

в) “Ўрмонлойиҳа” ДУК томонидан:

ўрмон хўжаликларига доимий эгалик қилиш ҳуқуқи асосида ажратиб берилган майдонларда лойиҳа-қидирув ишлари ўтказилишини, ўрмон барпо қилишга яроқли ер майдонларини аниқлаш ва ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш бўйича режа ишлаб чиқилишини;

режага асосан ўрмон барпо этиш усулларини, ҳар бир ўрмон хўжалиги бўйича ўрмон барпо этишга зарур бўладиган техниканинг сони ва турлари, хомашё ва бажариладиган ишлар ҳажми бўйича смета харажатларининг аниқ ҳисоб-китоби ишлаб чиқилишини;

ўрмон барпо этиш ишларида лойиҳани бажарилиши бўйича назорат ўтказилишини таъминлайди.

Қуйидагилар:

Қорақалпоғистон Республикаси маҳаллий бюджетининг прогнозга нисбатан ошириб бажарилган қисми ҳисобига ажратиладиган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия институтлари ва донор ташкилотлар маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар Орол денгизининг суви қуриган ҳудудида “Яшил қопламалар” барпо этишни молиялаштириш манбалари этиб белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига “Яшил қопламалар” барпо этиш учун 2019-2020 йиллар давомида Молия вазирлиги ҳузуридаги Оролбўйи минтақасини ривожлантириш жамғармаси олдидаги “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг қарздорлиги ҳисобидан босқичма-босқич маблағ ажратилиши тўғрисидаги таклифи қабул қилиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси “Яшил қопламалар” барпо этиш учун:

тизим ташкилотларидан қўшимча 1000 нафар ходим жалб этилишини;

ишчиларни озиқ-овқат ва махсус кийим-кечаклар билан таъминлашини;

чўл ўсимликлари уруғларини захирасини жамғаришни ва экиш учун узлуксиз етказиб беришни;

зараркунандаларга қарши курашиш воситалари билан таъминлашни;

вақтинчалик бино ва иншоотлар қуришни;

авиация, алоқа ва бошқа хизматларини жалб этишни;

зарурий техника ва асбоб-ускуналарни сотиб олишни ва бошқа тадбирларни мувофиқлаштириб боради.

Бунда, “Яшил қопламалар” барпо этишда иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизим ташкилотларига юқоридаги тадбирларни ташкиллаштириш учун зарурий маҳсулот (ишлар, хизматлар) харид қилишда, уларни етказиб берувчилари билан, истисно тариқасида тўғридан-тўғри шартнома тузиш ҳуқуқи берилади.

“Яшил қопламалар” барпо этишдаги ташкилий масалаларни ҳал этиш учун:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши – ишчи ходимларни ичимлик суви етказилишини;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Транспорт вазирлиги билан биргаликда – заруратга кўра кичик аэродромлар ташкил этилишини;

Транспорт вазирлиги – ишчи ходимларни ҳудуддаги яшаш жойидан иш жойигача бўлган масофага ташиш учун 20 дона автобус ва уруғ ташиш учун 10 дона юк ташиш транспорт воситаларини ҳудудга етказилишини;

Энергетика вазирлиги – ишчиларни яшаш шароитини иситиш ва овқатланишини ташкиллаштириш учун етарли миқдорда газ баллонлар ва сиқилган газ етказилишини;

Иқтисодиёт ва саноат, Энергетика, Молия вазирликлари ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ биргаликда – зарурий талабдан келиб чиқиб, ёқилғи мойлаш маҳсулотларини лимити ажратилишини ва белгиланган имтиёзли нархларда узлуксиз етказиб берилишини;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги – “Яшил қопламалар” барпо этилаётган ҳудудда зарур алоқа воситаларидан фойдаланиш учун шарт-шароитларни яратилишини таъминлайди.

 

Манба: https://kun.uz/news/2019/09/04/orol-dengizining-suvi-qurigan-tubida-yashil-qoplamalar-barpo-etish-davom-ettiriladi