Орол муаммоси Европа Иттифоқи диққат марказида​

Орол муаммоси Европа Иттифоқи диққат марказида​

Мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Европа кенгаши Президенти Дональд Туск БМТ шафелигидаги Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фондининг Орол денгизи қуриши билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга бағишланган тақдимоти билан танишди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида Орол фожиаси нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун катта хавф туғдираётганини таъкидлаган эди. 2018 йил 27 ноябрь куни эса БМТ Бош қароргоҳида Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди тақдимотига бағишланган юқори даражадаги анжуман бўлиб ўтганди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январда қабул қилинган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигидаги Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўптомонлама траст жамғармаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори асосида жамғарманинг самарали ишлаши учун қулай институционал, ҳуқуқий ва молиявий муҳит яратиш бўйича амалий чора-тадбирлар белгиланди.

Жамғарма Оролбўйи минтақасида экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва донорлар маблағларини сафарбар қилиш, барқарор ривожланишнинг глобал мақсадларига эришиш бўйича ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларни ривожлантириш учун ягона майдон бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон ташаббуси билан Орол муаммоларини бартараф этиш йўлида муҳим қадамлар қўйилмоқда. Бу ташаббуслар нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Жорий йилнинг 22 март куни Женева (Швейцария) шаҳрида БМТ Европа Иқтисодий Комиссиясининг барқарор ривожланиш бўйича минтақавий форуми доирасида «Инсонлар учун ҳамкорлик: Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик фонди» мавзусида анжуман ўтказилди. 

Анжуман доирасида Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик фондининг мақсад ва вазифаларига бағишланган тақдимот ўтказилди, ҳамкорлик доирасини кенгайтириш ва ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Жорий йилнинг 1 апрель куни Норвегия ҳукумати ва мазкур жамғарма ўртасида шартнома имзоланди ва Норвегия жамғармага маблағ киритган биринчи ташқи донор сифатида рўйхатга олинди. 

Тақдимотда таъкидланганидек, айни кунларда Европа Иттифоқидан ташқари, Япония, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва қатор давлатлар томонидан жамғармада иштирок этишга қизиқиш билдирмоқда.

– Европа Иттифоқи БМТ қошида ташкил этилган траст фондга 5 миллион евро миқдорида маблағ ажратишга қарор қилди, – дейди Европа кенгаши Президентининг маслаҳатчиси Франсуа Бежо. – Жамғарма вакилларининг бугунги тақдимоти бизда катта таассурот қолдирди. Биз ҳамкорликни изчил ривожлантириш тарафдоримиз. Зеро, Орол фожиаси жуда жиддий муаммо. Денгиз чекинган бўлиши мумкин, аммо одамлар ҳеч қаерга кетгани йўқ, улар шу ерда яшашда давом этмоқда. Демак, инсонларга ёрдам бериш, уларни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларимиз шунга қаратилади.

Манба: http://cc.uz/161dm