Ўзбекистоннинг асосий сув объектларига замонавий “Smart Water” тизими жорий қилинади

Ўзбекистоннинг асосий сув объектларига замонавий “Smart Water” тизими жорий қилинади

 

 

Бугунги кунда мамлакатимизда сув хўжалиги соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги билан Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ўртасида имзоланган битимга мувофиқ, республикамизнинг асосий сув объектларига замонавий “Smart Water” (Ақлли сув) тизими жорий қилинмоқда.

Мазкур лойиҳа Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг грант маблағи эвазига молиялаштириляпти. Лойиҳага кўра, республикамизнинг 61 та объектларига манбадаги сув сарфини реал вақт режимида (онлайн) кузатиш имконини берувчи тизим ўрнатилади.

 

Лойиҳа доирасида Жанубий Кореядан ускуналар олиб келиниб, 16 та сув омбори, 45 та каналнинг бошланиш қисмларига ўрнатилади.

“Smart Water” тизимининг замонавий қурилмалари объектдаги сув сарфи, об-ҳаво, ёғингарчилик ва бошқа маълумотларни фото ва видеоматериаллар шаклида онлайн режимда автоматик тарзда вазирликда ташкил этилган ягона мониторинг ва кузатув марказига узатиб туради.

Ушбу маълумотлар тезкор қайта ишланиб, керакли фойдаланувчиларга Интернет ёки локал алоқа орқали узатилиши мумкин.

Келгусида “Smart Water” тизимини республиканинг барча суғориш тармоқларига кенг татбиқ этиш режалаштирилган.

 

 

 Манба:http://www.water.gov.uz/uz/posts/1545735855/131